Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ марказий кўргазмалар мажмуида “Озиқ-овқат маҳсулотлари, ингредиентлар ва ишлаб чиқариш технологиялари – UzFood» халқаро кўргазмаси очилди.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ва бир қатор расмий ташкилотлар кўмагида ташкил этилган тадбир очилишида сўзга чиққанлар мазкур кўргазма ушбу йўналишда фаолият юритаётган маҳаллий ва хорижий ташкилотлар, компания ва корхоналар ўртасида ўзаро мулоқот ҳамда ҳамкорлик майдонига айланишини қайд этди.
Унда “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Нигора Ҳасанованинг таъкидлашича, “UzFood” ўзининг кўп йиллик фаолияти давомида Ўзбекистонда соҳани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан узвийликда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилмоқда.
– Ўз навбатида, кўргазманинг асосий мақсади амалга оширилаётган давлат дастурлари ижросини таъминлашдир. Яъни, бу аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш, замонавий технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва экспорт салоҳиятни ошириш билан боғлиқ. Шу боис, “UzFood – 2023” анъанавий равишда озиқ-овқат ва қайта ишлаш саноати, қадоқлаш ва сақлаш учун энг янги ускуналар ва технологиялар, озиқ-овқат ва ичимликларнинг кенг ассортиментини тақдим этмоқда. Кўргазма тақдимоти 26 мамлакатдан келган 280 дан ортиқ компания томонидан ўтказилаётир. Бу йил кўргазманинг доимий иштирокчилари 60 фоизни, илк бор қатнашаётганлар эса 40 фоизни ташкил этади, – деди Н.Ҳасанова.
[gallery-11164]
Иштирокчилар кўргазма павильонлари бўлимларида гўшт ва парранда гўшти, сут, қандолат маҳсулотлари, шунингдек, гўштни қайта ишлаш, сут саноати, ёғ-мой ишлаб чиқариш, қандолат саноати, нон ёпиш ва совутиш учун кенг кўламли ускуналар билан танишмоқда.
Масалан, Шри-Ланканинг «Чой кенгаши» стендидан Цейлон чойининг хилма-хил навлари билан нафақат танишиш, балки улардан ичиб ҳам кўриш мумкин. Мазаси бир-биридан фарқ қиладиган чой навлари инсон саломатлигини яхшилаш ва кайфиятини кўтаришда муҳим аҳамиятга эга.
– Биз бугун Москвадан келган ҳамкорларимиз билан биргаликда Цейлон чойларини намойиш қиляпмиз, – деди ўзбекистонлик диллер Холида Мирзаева. – Цейлон чойлари асосан Шри-Ланканинг 7 та ҳудудидан олинади. Қизиғи, ҳар бир ҳудуддаги чой плантацияларида етиштириладиган чой навлари сифати ва таъми билан фарқланади. Масалан, сувга яқин ҳудудда етиштириладиган чой навлари таъми юмшоқроқ, тоғли ҳудуддаги хушбўй ва сувдан узоқроқ ҳудуддаги чой навлари эса ўткирроқ таъмли бўлади. Биз, асосан, Шри-Ланканинг “Тудор” чойининг Ўзбекистондаги диллеримиз. Биз ҳар доим кўргазмада қатнашамиз. Бугун ўз ишини бошлаган “UzFood – 2023” ҳам биз учун ҳамкорлар топишда яхши кўмак берадиган халқаро ва нуфузли тадбирдир.
Кўргазмада Беларусь Республикасидаги “Берестейский пекарь” очиқ акциядорлик жамияти ўзининг нон ва қандолат маҳсулотларини намойиш қилмоқда.
– Кўргазмада илк бор иштирок этмоқдамиз. Лекин кўплаб ҳамкорлар топиш ниятидамиз. Корхонамиз ҳақида тўхталадиган бўлсам, у ўзининг қарийб юз йиллик тарихи ва тажрибасига эга. 1924 йилда ўз фаолиятини бошлаган корхона бугунги кунда 1 минг 500 дан ортиқ хилдаги нон ва қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқармоқда, – деди “Берестейский пекарь” ОАЖ бош директори савдо масалалари бўйича ўринбосари Юлия Юрчик.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири