French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"UzChess Cup-2025": Эҳтимоллар ҳақиқатга айланармикан?
09:59 / 2025-06-24

Бугун, 24 июнь куни пойтахтимизда давом этаётган "UzChess Cup-2025" турнирининг 6-турида мазкур мусобақанинг ўтган йилги "Masters" гуруҳи ғолиби Нодирбек Ёқуббоев ва бу йилги баҳсларда етакчилик қилаётган Нодирбек Абдусатторов рўбарў келади.

Кеча кучлилар гуруҳида кечган 5-тур баҳсларида ҳамюртларимиздан Н.Абдусатторов ҳиндистонлик Аравинд Читамбарамга ҳеч қандай имконият қолдирмади ва очколари сонини 4 тага етказиб, гуруҳда етакчиликни ўз қўлига олди.

Ушбу турда Жавоҳир Синдоров оқ доналарда Ричард Раппортни мағлубиятга учратган вазиятда Шамсиддин Воҳидов оқ доналарда Эригаисига ютқазиб қўйди. Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда Ян Непомняший билан муроса йўлини танлади.

"Challengers" гуруҳида ўтган 5-тур мусобақаларининг барчасида дуранг натижа қайд этилди.

Халқаро турнирнинг “Futures" гуруҳида пешқадамлик қилаётган Ортиқ Ниғматов 5-турда қора доналарда Абдумалик Абдусалимовга енгилган бўлса-да, 3,5 очко билан пешқадамликни сақлаб қолди. Бунга қайсидир маънода ғолибликка даъвогарлик қилаётган туркманистонлик Сапармурат Атабаевнинг оқ доналарда истеъдодли шахматчимиз Ҳумоюн Бекмуротов билан дурангга эришгани ҳам сабаб бўлди, дейиш мумкин.

Ортда қолган 5-тур ўйинлари сарҳисобига кўра, "Masters" гуруҳида таъкидлаганимиздек Нодирбек Абдусатторов турнир жадвалини бошқариб турган бўлса, эронлик Пархам Магсудлу ва ҳиндистонлик Аржун Эригаиси 3 очко билан уни таъқиб этишмоқда.

“Challengers" гуруҳи мусобақасида 3,5 очкога эга Николас Теодору ғолибликка асосий даъвогар саналади. Кейинги поғоналарда бораётган АҚШлик Эндрю Ҳонг ҳамда ҳамюртимиз Муҳиддин Мадаминов ҳисобида 3 очко мавжуд.

Бугун ўтказиладиган 6-турда Жаҳонгир Воҳидов қора доналарда Теодорудан очко тортиб ола билса, шунингдек Эндрю Ҳонг оқ доналарда украиналик тажрибали Василий Иванчук тўсиғидан ўта олмаса, ўз навбатида Мадаминов қора доналарда швециялик Виталий Сивукни мағлуб эта олса, "UzChess Cup-2025"нинг 7-тур ўйинлари остонасида 3 та гуруҳда ҳам ўзбекистонлик шахматчилар етакчига айланади. Бу тахмин. Эҳтимоллар эса бугун ташкил этиладиган ўйинлар натижасида ҳақиқатга айланади.

Мукофот жамғармаси 105000 АҚШ долларидан иборат халқаро турнир мусобақалари 27 июнгача давом этади.

Т.Рўзиев, ЎзА