Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Uzchess Cup-2024”: Етакчилар ўз ўринларини мустаҳкамлаб олди
10:29 / 2024-06-11

Пойтахтимизда номдор шахматчилар иштирокида ўтказилаётган “Uzchess Cup-2024” турнири “Masters”, “Challengers” ва “Futures” гуруҳларининг поёнига етган 5-тур ўйинларидан сўнг гуруҳлардаги вазият деярли ўзгармади. Етакчилар ўз ўринларини мустаҳкамлаб олишга эришди, дейиш мумкин.

5-тур якунларига кўра, “Masters” гуруҳида пешқадамлик қилаётган ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда озарбайжонлик Шаҳрияр Мамедьяров билан дурангга эришган ҳолда 3,5 очколи бўлишга муваффақ бўлди. Ўзбекистоннинг биринчи рақамли гроссмейстери Нодирбек Абдусатторов ушбу турда оқ доналарда Александр Гришукдан устун эканини кўрсатиб, 1 очколи бўлиш ҳисобига етакчиликка даъвогарлар сафига қўшилиб олди. Жавоҳир Синдоров ушбу турда  эронлик Парҳам Магсудлуга қарши ўйинни гарчи қора доналарда ўтказган бўлса-да, ғалабага тенг дурангга эришди.  

“Masters” гуруҳидаги 5-турнинг қолган ўйинларида Ричард Раппорт (Руминия) – Алексей Сарана (Сербия)-0,5-0,5, Видит Сантош Гужрат (Ҳиндистон) – Ю Янг Йи (Хитой)- 0,5-0,5 натижалари қайд этилди.  

Баҳсларнинг бу тарзда поёнига етиши етакчилар гуруҳида Нодирбек Ёқуббоев 3,5, Жавоҳир Синдоров, хитойлик Ю Янг Йи ва Нодирбек Абдусатторов 3 очколи бўлишига олиб келди.  

Бугун, 11 июнь куни ўтадиган 6-тур ўйинларида Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда сербиялик Алексей Саранага қарши ҳаракатланса, Синдоров- Мамедьяров, Ю Янг Йи – Абдусатторов қарама-қаршилигидаги баҳслар ғолибликка даъвогарлар сафини янада ойдинлаштириш билан аҳамиятли бўлади.  

“Challengers” гуруҳида сербиялик Александар Инджич қора доналарда ҳиндистонлик Абҳижит Гуптани мағлубиятга учратиши унинг етакчилигини янада мустаҳкамлашига замин яратди. Ғолибликка асосий даъвогарлардан бўлган шахматчимиз Шамсиддин Воҳидов ушбу турда оқ доналарда туркиялик Айдин Сулейманлидан 1 очко тортиб олишга эришди. 5-тур остонасида 3-ўринда бораётган Жаҳонгир Воҳидовнинг германиялик Александр Предкега имкониятни бой бериши уни 7-поғонага тушиб кетишига олиб келди.  

“Futures” гуруҳидаги 5-турда украиналик Виталий Бернардскини мағлуб этган Муҳаммадзоҳид Суяров 4,5 очко билан рақибларидан 1 очко олдинга чиқиб олишга муваффақ бўлди. Кетма-кет тўртинчи ғалабасини тантана қилган Суяровдан кейинги қаторларда бораётган Муҳиддин Мадаминов озарбайжонлик Вугар Расулов билан дурангга эришди. Саидакбар Сайдалиев эса энг ёш маҳоратли шахматчиларимиздан бири Ҳумоюн Бегмуратовни таслим қилишга эришди ва очколари сонини 3,5 ҳолатига келтириб, 2-ўринга кўтарилиб олди.  

Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 166 минг АҚШ доллардан иборат турнир 9-турдан иборат бўлиб, ўйинлар 14 июнга қалар давом этади.  

 

Т.Рўзиев,

ЎзА