Пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ" миллий кўргазма марказида UzCharmExpo – 2022 пойабзал ва чарм-галантереяси, мўйна, жун ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар кўргазмаси иш бошлади.
Кўргазма Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги кўмагида "Ўзчармсаноат" уюшмаси томонидан ташкил этилди.
Тадбирнинг очилишида саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг юқори сифати, шунингдек, мамлакатда инвесторларнинг қулай иш юритиши, ишлаб чиқариш фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва маҳсулотларни ОТОМ, МДҲ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва бошқа бозорларга экспорт қилиш учун яратилган шароитлар қайд этилди. Бу йилги кўргазма иштирокчиларининг сони ҳар доимгидан кўп. Кўргазма доирасидаги бизнес дастур, қизиқарли тақдимотлар ҳамда B2B ва G2B музокаралари, инвестицияларни жалб қилиш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Бу кўргазма тадбиркор ва ишбилармонларга ўзаро манфаатли шартномалар ва битимлар тузишда катта платформа бўлади.
Маълумот ўрнида айтиш керак, UzCharmExpo – 2022 – бу Ўрта Осиёдаги чарм-пойабзал ҳамда мўйна ва жун саноатининг энг йирик ихтисослаштирилган кўргазмаси ҳисобланади. Бу йил ўз стендлари билан унда 450 дан ортиқ маҳаллий ва 20 га яқин хорижий компаниялар иштирок этмоқда. Кўргазмага ташриф буюрувчилар сифатида Буюк Британия, Италия, Германия, Ҳиндистон, Туркия, Испания, Венгрия, Латвия, Россия, Беларусь, Польша ва бошқа мамлакатларнинг 1500 га яқин маҳаллий ва хорижий компаниялари вакиллари рўйхатдан ўтган. Фахрий меҳмонлар орасида Халқаро чармчилар Кенгаши, Халқаро мўйна федерацияси, бир қатор давлатларнинг миллий уюшмалари, чарм, пойабзал ва мўйнали маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари кенгашлари ҳамда уюшмалари вакиллари ҳам бор.
Кўргазма доирасида экспорт ҳажмларини ошириш, халқаро сифат сертификатларини жорий этиш ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида турли мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича мустаҳкам ҳужжатлар тўплами имзоланиши кутилмоқда.
ЎзА