Куни кеча Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Ўта муҳим ва тоифаланган объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бошқармаси мутахассислари “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидаги “Uzbekistan GTL” заводида бўлиб, корхонада хавфсизликни таъминлаш ва ёнғин хавфсизлиги тизими билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида мутахассисларга экологик тоза синтетик ёқилғи маҳсулотларининг ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий технологиялар ва хавфсизлик чоралари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Заводда ёнғин хавфсизлиги тизими, ёқилғи маҳсулотларини сақлаш ва истеъмолчиларга етказиб бериш жараёнлари юқори стандартлар асосида ташкил этилгани таъкидланди.

Шунингдек, объектда ёнғинларнинг олдини олиш ва нохуш ҳолатлар юзага келмаслиги учун самарали чора-тадбирлар жорий этилгани қайд этилди.
Жамият ахборот хизматининг хабар беришича, мутахассислар заводда қўлланилаётган илғор ёндашувлар, хавфсизликни таъминлаш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни юқори баҳолашди. Уларнинг сўзларига кўра, “Uzbekistan GTL” нафақат замонавий ишлаб чиқариш қуввати, балки хавфсизлик стандартлари бўйича ҳам республикадаги етакчи корхоналардан бири ҳисобланади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА