ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимиздаги “Universal horses stable” от спорти клубида “Uzbekistаn global tour – 2025” мусобақаларининг VI босқичи бўлиб ўтди. Тўсиқлардан сакраб ўтиш бўйича ташкил этилган беллашувлар кескин ва муросасиз курашларга бой бўлди.
7 ва ундан катта ёшга тўлган отлар иштирокида ўтган мусобақаларда чавандоз Беҳзод Рўзмуҳаммедов “Акдариус” лақабли отида 1-ўрин соҳиби бўлди. Убайдулло Фозилхўжаев эса «Чопет» лақабли тулпорида иккинчи, Дилшод Шокиров эса “Алонсо 43” лақабли отида учинчи ўринга кўтарилди.
125 сантиметр баландликдаги тўсиқлардан сакраб ўтишда Аъзам Толиббоевга тенг келадигани топилмади. Дилшод Шокиров ва Лочин Тоҳиржонов кейинги ўринлар билан қаноатланди.
5-6 ҳамда 7 ёшли отлар ўртасида ўтган беллашув (баландлик 115 сантиметр)да Беҳзод Рўзмуҳаммедов ғолиблик шоҳсупасининг энг юқори поғонасидан жой эгаллади. Мирзоҳид Мусаев 2-, Нуржон Туёқбоев 3-ўринни эгаллади.
2011-2015 йилларда таваллуд топган болалар 110 сантиметр баландликдаги тўсиқлардан сакраб ўтишда ўз маҳоратини намоён этди. Бу беллашувда Севинч Назарова тенгдошларидан устун эканлигини исботлаб, ғалаба нашидасини сурди. Сайидали Шукуров билан Асалхон Саид-Аҳмедова кейинги ўринларга муносиб кўрилди.
105 сантиметр баландликдаги тўсиқлардан сакраб ўтиш бўйича ўтказилган мусобақада Маъруфбек Абдуллаев 1-ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар Лочин Тоҳиржонов ҳамда Жавоҳир Ўринбоевга насиб этди.
[gallery-26480]
90 сантиметр баландликдаги тўсиқлардан сакраб ўтишда Аъзам Толиббоев маҳорат кўрсатиб, 1-ўринга лойиқ кўрилди. Абдушукур Собиржонов ва Беҳзод Эргашбоев кўрсатган натижалар кейинги ўринларга мос бўлди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан таъсис этилган диплом, медаль, кубок ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Камола ЮСУПОВА,
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА