Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Uzbekistan Fashion Week-2022”: Маҳаллий ва хорижий дизайнерлар учун ижодий чорлов
21:15 / 2022-05-24

Жорий йилнинг 26-31май кунлари Тошкентда иккинчи анъанавий “Uzbekistan Fashion Week-2022” мода ҳафталиги бўлиб ўтади.

Бугун Ёшлар ижод саройида ўтказилган матбуот анжуманида мазкур ҳафталикнинг мазмун-моҳияти, ташкил этилиши ва унинг иштирокчилари ҳақида сўз борди.  

Қайд этилганидек, мода ҳафталиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмагида “Aнор” ижодий жамоаси ва Ёш дизайнерлар кенгаши томонидан ташкил этилади. Ҳафталик дастур 15 дан ортиқ тадбирни ўзида жамлаган.  

Етакчи маҳаллий ва хорижий бренд ҳамда дизайнерларнинг ўз коллекцияларини намойиш этиши ҳафталикка янада файз бағишлайди.  

Ёш дизайнерлар кенгаши раиси Дилноза Умирзоқованинг таъкидлашича, мода ҳафталиги янги дизайнерлар учун кучли платформага айланади. 

– Дастлабки кунларда улар учун маҳорат дарслари ва маърузалар ўтказилади, – деди Д.Умирзоқова. – Ёш дизайнерлар нафақат JACK тикув машинасида замонавий тикув ва кесиш техникаси, балки Марказий Осиёдаги етакчи бренд асосчилари билан ҳам танишади. Ўз бизнесини бошлаш ва хатоларнинг олдини олишни ўрганиш имкони ушбу тадбирда тақдим этилади. Сўнгра “Aнор” мактабининг ёш дизайнерлари истеъдодини ва коллекцияларини кенг жамоатчиликка намойиш этиш имкониятига эга бўлади. Аҳамиятлиси, ушбу ҳафталик соҳа вакиллари учун чинакам тантана ва катта имкониятлар эшигини очади.  

Ҳафталик доирасида “Тошкент гуллари” премиум тоифали гул салони гул сотувчилари маҳорати намойиш этилади. Ҳафталикнинг ёрқин якуний воқеаси Ўзбекистоннинг энг яхши ёш дизайнери номинацияси учун танлов, шунингдек, маҳаллий ва хорижий дизайнерларнинг бир қатор шоуларидир.  

Ушбу танлов ғолибларини тақдирлаш маросими пойтахтимиздаги “Hilton” меҳмонхонасида бўлиб ўтади.  

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА