Сўнгги пайтларда хорижга бориб келганлар билан сўзлашсангиз, аксарияти Қозоғистон орқали учганини айтишади.
яна “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ҳақида
Сўнгги пайтларда хорижга бориб келганлар билан сўзлашсангиз, аксарияти Қозоғистон орқали учганини айтишади. Қўшни давлат орқали учишдан 2, 3 миллионгача маблағ тежаб қолаётганини айтишмоқда. Ижтимоий тармоқларда ҳам шу мазмундаги фикр-мулоҳазаларни учратиб қоламиз.
Хўш, аслида Қозоғистон авиакомпаниялари орқали учишнинг нима афзалликлари бор? Аввало тежалаётган маблағлар суммаси қанча эканлигини билиш учун aviasales.kz сайтига кириб нархларни солиштирамиз.
Алмата-Истанбул-Алмата йўналиши (орадаги масофа бир томонга 5401 км., масофага кетадиган вақт 6 соат 5 дақиқа)ни танлаймиз. Сайт автоматик тарзда “Air Astana” авиакомпаниясининг 111566 тенгелик билетини таклиф қилди. Бу ўзимизнинг миллий валютада 2 миллион 677 минг сўмни ташкил этар экан.
Шундан сўнг Ўзбекистон миллий авиакомпаниясининг uzairways.com сайтидан Тошкент-Истанбул-Тошкент йўналиши (орадаги масофа 3364 км., вақти 5 соат 20 дақиқа) бўйича қидирув эълон қилдик. Энг арзон чипта деб – 4 миллион 979 минг сўмни кўрсатди. Ўртадаги фарқ 2 миллион 302 минг сўм.
Алмата-Деҳли-Алмата йўналишини суриштирамиз (орадаги масофа бир томонга 1603 км, учишга кетадиган вақт 10 соат 50 дақиқа) “Air Astana” ва “Аэрофлот” авиакомпаниялари 659 долларлик нархни таклиф қилди. Мазкур йўналиш бўйича Ўзбекистон ҳаво йўлларининг энг арзон нархи 831 доллар. (оралиқ масофа 1577 км., вақт бўйича 4 соат) Тафовут 172 доллар.
Қозоғистоннинг ўзида 6 та авиакомпания мавжуд бўлиб, улардан бири “Air Astana” хизмат кўрсатиш бўйича энг машҳур тренддаги авиакомпаниялардан ҳисобланади. Бошқаларига нисбатан нарх жиҳатидан ҳам баланд туради. Аммо шундай бўлса-да бизнинг авиакомпаниялардан деярли тенг баробар арзон нархларни таклиф қилмоқда.
Хаёлан Англияга бориш режасини ҳам тузиб кўрдик: октябрь ойининг охирги ҳафтасига Алмата-Лондон йўналиши бўйича чипта қидирувини амалга оширамиз, бир ҳафталик нархлар чиқиб келди. Унда 23 октябрь кунига 187 долларга чипта борлиги кўрсатилди. Яъни 1 миллион 767 минг сўм.
Ўзбекистон ҳаво йўлларининг навбатчи авиакассаларига қўнғироқ қилиб, октябрь ойи охирида Лондонга фақат бориш йўналишига чипта сўрадик. 4 миллион 154 минг сўм деган жавоб бўлди.
Агар қўшниларимиз самолётида учсак, 4154000-1767000=2378000. Яъни 2 миллион 387 минг сўм ҳамёнда қолар экан.
Миллий авиакомпаниямиз навбатчи оператори агар уч ой олдиндан брон қилинса, уч миллион бўлишини ҳам эслатиб ўтди. Шунда ҳам деярли икки баробар қиммат бўлар экан.
uzairways.com сайти бўйича айни шу вақтга қидирув бергандик. Тошкент-Лондон – Тошкент йўналиши бўйича энг арзон 8 083 785 сўмлик чипта кўрсатди. Бу – 855 доллар дегани. (Тошкент- Лондон йўналиши оралиқ масофа 5262 км., йўлга кетадиган вақт 7 соат 40 дақиқа). Қозоғистон орқали училадиган самолётлар, яъни Алмата–Лондон–Алмата йўналиши бўйича энг арзони 423 доллар. (Россиянинг “Внуково” аэропортида алмашиш орқали 14 соатда етиб борилади.)
Энди оддий математик амални бажарамиз, 855-423=432 доллар. Бу рақамни ўзимизнинг миллий валютамизга чақадиган бўлсак, 4 миллион 82 минг сўм “эконом” бўляпти. Аниқроғи, Ўзбекистон ҳаво йўллари орқали училадиган маблағга Қозоғистон орқали икки киши учса бўлар экан.
Шундан сўнг маҳаллий йўналишларда аҳвол қандай экан, деган фикрда Тошкент-Хоразм йўналишини суриштирамиз. Бу йўналишдаги масофа 737 км., вақти 1 соату 30 дақиқа, нархи 751 минг 578 сўм.
Алмата-Тараз йўналиши (оралиқ масофа 490 км., учишга кетадиган вақт 1 соату 5 дақиқа) бўйича “Fly Frystan” авиакомпанияси 13 доллар сўради. Яъни 123 минг сўм. Тафовут – 628 минг сўм.
Қозоғистоннинг авиакомпаниялари ҳақида маълумот берувчи aviasales.kz сайтидан хоҳлаган йўналишингиз бўйича қидирув берсангиз, кўплаб арзон вариантларни тақдим этади. Таъбингиз ва имкониятингизга қараб танлаб олаверасиз. Умуман олганда, сизга танлаш имкониятини тақдим этади. Самолётдаги турли хизматлар ҳам ўзига тортиш учун кўз-кўз қилинади. Ҳаттоки, ўриндиқлар кенглигигача кўрсатилади.
Миллий авиакомпаниямизнинг uzairways.com сайтидан эса фақат нархни билишингиз мумкин. Ҳеч қандай танлаш имконияти берилмайди. “Учсанг ҳам шу, учмасанг ҳам шу” дегандай.
Бугун қўшнилар билан ҳамкорлигимиз мустаҳкамланиб чегаралар очилган. Бу эса юртдошларимизга хорижга учиш учун авиакомпанияларни танлаш имкониятини ҳам яратиб берди.
Биргина йўлкиранинг ўзидан 2, 3 миллион сўм тежашяпти. Аммо қанчадан-қанча валютамиз қўшни давлатларга чиқиб кетмоқда. Ҳар бир киши ўртача 300 доллардан қўшни авиакомпанияларда қолдираётган бўлса, бир кунда борингки 15 нафар киши учса, 4,5 минг долларни ташкил этмоқда. Бу рақам бир ойда 135 минг, бир йилдаги рақам 1 миллион 620 минг долларга айланади.
Авиакассаларимиз олдига борсангиз, у ерда ўтирган опалар гўёки текинга чипта бераётгандек хўмрайиб кутиб олишади. Аслида олдига пул кўтариб борган мижозни очиқ чеҳра билан кутиб олиш уларнинг қонуний вазифаси эмасми?
Қозоғистон-чи? Авиакассалар олдига боришингиз билан хушмуомала қизлар шундай ширинсўзлик билан кутиб олишадики, қандай билет сотиб олганингизни билмай қоласиз.
Бундай тафовут ва ҳолатларга Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси раҳбарияти нима деркин?
ЭСЛАТМА: мақоладаги фактлар 2019 йил 17 октябрь кунги маълумотлар асосида киритилди. АҚШ долларининг шу кундаги курси – 9450 сўм, Қозоғистон тенгеси – 24 сўм.