Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Uzbekistan Airways” Сурхондарёда сайёр қабул ташкил этди
17:21 / 2023-11-28

Термизда “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти аҳолининг авиакомпания фаолияти билан боғлиқ муаммоларини тезкор ҳал этиш ва фуқароларга мурожаат қилиш учун қўшимча қулайлик яратиш мақсадида сайёр қабул ўтказди.

Очиқ мулоқотда “Uzbekistan Airways Sales” филиали директори Владимир Филипас, “Uzbekistan Airways Sales” филиали шартномалар ва агентлик тармоғининг кузатув бўлими бошлиғи Руслан Матёқубов, маркетинг ва ташувларни сотиш департаменти маркетининг бўлими бошлиғи Шуҳрат Мирсаидов, юк ташувлари бошқармаси бошлиғи Султонсаид Агзамходжаевлар иштирокчиларнинг таклиф, тавсия ва мурожаатларини тинглади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда авиакомпания ишини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ бошқарувнинг замонавий тизим ва технологиялари жорий этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 апрелдаги “Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан хизматлар диверсификация қилиниб, аҳоли учун нарх ва сифат оммабоплигини таъминлаш юзасидан тегишли чоралар кўрилаётир.Айни пайтда авиакомпания дунёнинг 70 дан ортиқ давлатига парвозларни амалга ошираяпти.

Сайёр қабулда фуқаролар Термиз халқаро аэропортидан Туркиянинг Истамбул шаҳрига қатновни йўлга қўйиш, Термиз халқаро аэропортидан сайёҳлар учун дунёнинг бошқа давлатларига ҳам қатновни амалга ошириш, “Uzbekistan Airways” ва унинг қуйи тизимларига ишга жойлашиш, борт кузатувчиси бўлиб ишлаш учун талаб этиладиган мезонлар, Термиз халқаро аэропортини кириб, томоша қилиш учун фуқароларга рухсат бериш, Сариосиё аэропортини ишга тушириш, ҳаво кемаларида йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини ошириш каби масалаларни ўртага ташлади. 

Мутасаддилар аксарият масалаларни жойида ҳал этиб, мурожаатчиларга тегишли тушунтиришлар берди. Муддат талаб этиладиган мурожаатлар юзасидан вақт белгиланиб, ечими назоратга олинди. 

Ўтказилган очиқ мулоқот ҳақида алоҳида таҳлилий материал тайёрланмоқда. Мақола билан танишиш учун сайтимизни кузатиб боринг.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири