АОКАда ўтказилган брифингда “Uzbekistan Airways” АЖ ахборот хизмати раҳбари Дилором Каимбаеванинг маълум қилишича, 21-24 март кунлари амалга ошириладиган барча маҳаллий авиақатновлар учун 30 фоизлик чегирма эълон қилинди.
Ушбу чегирмалардан нафақат юртдошларимиз, балки чет эл фуқаролари ҳам фойдаланишлари мумкин.
Чегирма асосида тақдим этиладиган авиачипталарни бугундан, яъни 1 мартдан бошлаб 24 март кунига қадар харид қилиш имконияти бор.
Шунингдек, брифингда "Uzbekistan Airways" ҳамда унинг таркибига кирувчи "Uzbekistan Helicopters" va "Silk Avia" авиакомпанияси мутахассислари томонидан йўналишлар тармоғини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.
– 2024 йил январь ойи ҳолатига кўра, ҳафтасига 87 та бориш-қайтиш рейслари амалга оширилган бўлса, жорий йил давомида бундай рейслар сонини ҳафтасига 140 тага етказиш режалаштирилган, – деди Дилором Каимбаева. – Етиб бориш қийин бўлган ҳудудларда яшовчи фуқароларга шарт-шароит яратиш ва узоқ вақт ёпиқ бўлган йўналишларга парвозларни қайта тиклаш мақсадида 2023 йилда иккита Л-410 ҳаво кемалари сотиб олинди ва ушбу ҳаво кемасида Зомин туманига парвозлар амалга оширилмоқда. Келгусида Шаҳрисабз шаҳри ва Сариосиё туманига ҳам авиақатновлар амалга оширилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, “Uzbekistan Airways“ авиакомпанияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг турли шаҳарларидан чет-эл давлатларига амалга оширилаётган парвозлар сони ҳам кўпаймоқда.
Жорий йилда авиакомпания бир қанча халқаро йўналишларга парвозларни қайта тиклаб, янги мунтазам рейсларни ҳам йўлга қўймоқда.
Масалан, 31 март Италиянинг Рим шаҳрига, 1 апрель Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрига, 29 май Грузиянинг Батуми шаҳрига парвозлар қайта тикланиб амалга оширилади. 4 майдан бошлаб эса тарихда илк бор Вьетнамнинг Нячанг шаҳрига мунтазам авиақатновлар очилиши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА