Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Uzbekistan Airways ” АЖ сайёр қабулидан кейинги ўйлар
17:15 / 2023-11-29

Ҳаво кемалари дунёда инсонни манзилига ишончли, тезкор етказадиган, юкларни барқарор ташийдиган муҳим транспорт воситасига айланди. Масалан, бугун Термиздан Тошкентга йўл олган инсон самолётга чиқса, қарийб бир соатда пойтахтга қўнади. Бошқа транспорт воситалари йўловчиларнинг ўртача ўн соатдан 14-15 соатгача қимматли вақтини олади. Шу боис ҳам йўлга чиқишда вақтнинг қадрини биладиган, чўнтагида пули бор йўловчи хавфсиз, барқарор, ишончли ҳаво кемасини танлайди.

“Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти Термиз шаҳрида ташкил этган сайёр қабулда хаёлимдан шунга ўхшаш кўп ўйлар ўтди. Соҳага давлатимиз қаратаётган эътибор ва авиакомпания хизматлари ҳақида ижтимоий тармоқларда ўқиб қоладиган турли эътирозли фикрлар хаёлимда гавдаланди.

Аҳолининг авиакомпания фаолияти билан боғлиқ муаммоларини тезкор ҳал этиш, фуқароларга мурожаат қилиш учун қўшимча қулайлик яратиш мақсадида ўтказилган очиқ мулоқотнинг вилоятда йўлга қўйилганига уч-тўрт йил бўлиб қолди. Бу сафарги очиқ мулоқот иштирокчилари ҳам унчалик кўп бўлмади. Асосий қисми ёшлардан иборат залда компаниянинг қуйи тизими мутасаддилари, вилоят ҳокимлиги, вилоят туризм бошқармаси вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Бундан бир неча йил муқаддам авиакомпания ташкил этган илк сайёр қабулда иштирок этиб, очиқ мулоқотдан янгилик сифатида хабар тайёрлаган эдим. Бу сафарги аҳоли вакиллари билан учрашувдан кенгроқ мазмундаги мақола ёзмоқчи бўлдим. Чунки, сўнгги йилларда “Uzbekistan Airways”ни энг кучли спортчилармизга менгзаб, Янги Ўзбекистонни сайёрамизга танитадиган миллий бренд сифатида тасаввур қиламан. Мамлакатимиз ичкариси ва жаҳонга хавфсиз, барқарор, ишончли ҳаво ташувчиси сифатида хизмат кўрсатадиган йирик компания. Парвозларнинг юқори даражадаги хавфсизлигини таъминлаш, аэропортлар инфратузилмасини такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишлардан ҳам оз бўлса-да, хабарим бор. Бироқ  ижтимоий тармоқларда авиакомпания хизматларидан кўнгли тўлмаётган мижозларнинг оғриқли эътирозларини ўқиб қолсам, кўтарилган масалаларга тезкор билдираётган асосли муносабатига кўзим тушмаётганидан ажабланаман. Фуқаро авиацияси давлатимиз яратиб бераётган шунча шароитларга қарамай бу каби муаммоларни бартараф этолмаяптими, деган ҳаёлга бораман.  

Ваҳоланки, бугунги “Uzbekistan Airways” бундан беш-ўн йил олдинги бошқарувнинг эскирган ва шаффоф бўлмаган тизимидан фойдаланган акциядорлик жамияти эмас. Президентимизнинг 2018 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ бошқарувнинг замонавий тизим ва технологиялари жорий этилаётган, самолётлар бортида йўловчиларга сифатли сервис хизматлари кўрсатиш белгиланган, янги русумдаги ҳаво кемаларига эга корхона. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 апрелдаги “Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан хизматлари диверсификация қилиниб, аҳоли учун нарх ва сифат оммабоплашиши кўзда тутилган авиакомпания.

Сайёр қабулда айрим иштирокчилар Термиз халқаро аэропортидан Туркиянинг Истанбул шаҳрига ва дунёнинг бошқа давлатларига авиа қатновни йўлга қўйиш, “Uzbekistan Airways” ва унинг қуйи тизимларида ишга жойлашиш, борт кузатувчиси бўлиб ишлаш учун талаб этиладиган мезонлар, Термиз халқаро аэропортини кириб, томоша қилиш учун фуқароларга рухсат беришни сўради. Президентимизнинг жорий йил 16-17 ноябрдаги Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқларига асосан Сариосиё аэропортини ишга тушириш масаласи билан қизиқди.  

–Биз тижорат компаниясимиз,–деди “Uzbekistan Airways Sales” филиали мутасаддилари. –Бу ҳақда аввал ҳам таклиф бўлган. Лекин биз бирламчи таклифдан ташқари иқтисодий тарафини ҳам ўйлаймиз. Тўғри, одамлар ўзига қулай шароитда саёҳат қилгиси келади. Халқаро тажрибада эса бир ҳафтага битта авиарейс қўйилмайди. Камида иккита қатнов амалга оширилиши керак. Агар Термиздан ҳар бир рейсга етарли йўловчи бўлса, бу рейс ўзини оқлайди.

Учрашувда борт кузатувчиси бўлиб ишга жойлашиш, халқаро аэропорт ва самолётларнинг учиб-қўнишини томоша қилиш тартиб-таомиллари тушунтирилди. Сариосиё аэропорти қайта таъмирлангач, ишга туширилиши маълум қилинди.  

Сайёр қабулда иштирокчиларга “Uzbekistan Airways” йўловчилар учун акциялар жорий этаётгани, жумладан, яқинлашаётган Янги йил арафасида ҳам билетларга 20 фоиз чегирма эълон қилингани, чет давлатларга парвозлар йўналиши кенгайиб бораётгани хусусида ҳам маълумот берилди.  

Мамлакатимиз авиакомпаниясида юз бераётган ўзгаришлар юртдошларимиз учун қизиқ, албатта. Айниқса, самолётда учмаганимга тўрт-беш йил бўлиб қолган мен учун жуда ҳам қизиқарли. Лекин ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, “Uzbekistan Airways” ҳақида мижозлар билдираётган фикр-мулоҳазалар ўқувчини бироз ўйга толдиради. Йўловчилар парвозлар кечикиб амалга оширилиши, маҳсулот сифати, иссиқ сув ёки чой берилмаслиги, юкларини узоқ кутишга мажбур бўлгани каби масалаларда куйиниб ёзади. Борт кузатувчиларининг муомила маданияти, билет нархларининг қимматлиги ва қўшни давлатлардан хорижга учиш нисбатан арзонлиги ҳақида турли фикрлар билдирилади.  

Очиқ мулоқотда ижтимоий тармоқлар орқали берилаётган шунга ўхшаш ҳолатларнинг ҳақиқатга қанчалик яқинлиги билан ҳам қизиқдик. Авиакомпания мутасаддиларига давлатимиз раҳбарининг соҳани қўллаб-қувватлашга оид фармон ва қарорларини эслатдик.  

– Парвозларнинг кечикиши биз билан боғлиқ масала эмас,–дейди сайёр қабул ташкилотчилари.–Куз ва қиш фаслларида шундай ҳолатлар бўлиб туради. Тамадди қилинадиган маҳсулотларимиз сифати тўғрисидаги эътирозларга қўшилмаймиз. Чунки, иссиқ бўлмаса-да, сифати талабга жавоб беради. Йўловчиларга иссиқ сув ёки чой таклиф этиш масаласи айни пайтда кўриб чиқилмоқда. Яқин орада бу масала ҳал этилади. Харажатларимизнинг 40 фоизини авиакеросин ташкил этади. Ёнилғи ўзимизда ишлаб чиқарилмагани сабабли хориждан сотиб олинади. Ёнилғининг импорт қилинаётгани билет нархига ҳам таъсир этмоқда. Тижорат компаниясимиз, зарарга ишламаймиз-ку! Иккинчидан, қўшни давлатларда билетлар арзонлиги бу самолётлар ёшига ҳам боғлиқ масала. Авиапаркимиздаги ҳаво кемалари ёшлиги билан ажралиб туради. Бизнинг мақсадимиз – парвозлар хавфсизлигини таъминлашдан иборат.  

Самимий мулоқотга айланган сайёр қабулда авикомпания ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларни ўрганиб, йўловчиларининг ҳақли эътирозларига ечим изласа ёки виртуал оламда айтилаётган танқидий мулоҳазалар нотўғрилигини асослаб, муносабат берса, мақсадга мувофиқ бўлармиди, деган таклиф ҳам илгари сурилди. Соҳа мутасаддилари эса “бу вазифани жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлайдиган ходимлар амалга оширади. Муносабат ҳам берилади, ўша фикрни ёзган фуқаро билан телефон орқали суҳбат ҳам қилинади”, дея жавоб берди.  

Чамаси бир ярим соатча давом этган очиқ мулоқот якунланди. Сайёр қабул иштирокчиларига миннатдорлик билдирилди. Ишхонамга йўл олар эканман, “Uzbekistan Airways” аҳолининг авиакомпания фаолияти билан боғлиқ муаммоли масалаларини тезкор ҳал этиш ва уларга мурожаат қилиш учун қўшимча қулайлик яратишни кўзда тутаётган бўлса, йўловчилар билан бевосита аэропортларнинг ўзида очиқ мулоқотлар ўтказса, самараси яхшироқ бўлмасмикан, деган ўй ҳам кўнглимдан кечди. Зеро, дона халқимиз “тўннинг иссиғини эгаси билади”, деган гапни бежиз айтмаган бўлса керак.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири