UZBEKISTAN AIRPORTS: танлов битта бўлади
Ислоҳотлардан кутилаётган якуний натижалар шундай – тизимда аввало монополияга барҳам берилади.
Бугунги кунда дунёдаги энг замонавий халқаро аэропортлар ҳақида гап кетганда Сингапур, Буюк Британия, Германия, Япония, Туркия, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари каби ривожланган давлатларнинг тажрибаси, йўловчиларга қулайликларни тақдим этадиган замонавий инфратузилмаси – учиш-қўниш йўлаклари, шинам терминаллари, аэровокзалларини кўз олдимизга келтирамиз.
Жўғрофий жиҳатдан муҳим нуқтада, юқори хизмат кўрсатишга эга халқаро аэропорт борки, мамлакат иқтисодиёти, савдо-инвестициявий, сайёҳлик жозибадорлигини дунёга кўз-кўз қилишда муваффақият калити бўлиб хизмат қилади.
Статистика қўмитаси ҳисоботида келтирилишича, 2020 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар сони 1,2 миллион кишини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 12 фоизга камдир.
Бутунжаҳон туристик ташкилоти маълумотига кўра, коронавирус туфайли дунёнинг 96 фоиз мамлакатида саёҳатлар учун чекловлар жорий қилинган, 56 мамлакат тўлиқ ёки қисман халқаро рейсларни тўхтатган.
Бироқ, яқин 3-5 йиллар ичида Ўзбекистон халқаро аэропортлари фуқароларимиз ва юртимизга ташриф буюраётган меҳмонлар учун барча шарт-шароитларни яратиб, хизмат кўрсатиш сифатлари бўйича жаҳонда юқори ўринларни эгалласа ажаб эмас.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 ноябрда имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси тугатилиб, “Uzbekistan Airports” ҳамда“Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятларига айлантирилди.
“Uzbekistan Airports” АЖга республикамиздаги 11 та МЧЖ мақомидаги аэропортларни замон талаблари асосида ривожлантириш вазифаси юклатилди.
Қимирлаган қир ошар
Бунда энг аввало бозор талаби, аэропортларнинг географик жойлашуви, парвозлар хавфсизлиги, йўловчилар танлови асосида кенг турдаги хизматлар кўрсатиш имкониятлари ҳисобга олинмоқда.
Германиялик мутахассислар иштирокида “Тошкент” халқаро аэропортини модернизация қилиш бўйича тайёрланган қўшма келишувда ушбу иншоотнинг терминалдаги ўтказиш қобилиятини ошириш, йўловчиларнинг вақтини тежаш, тирбандликнинг олдини олиш ҳисобига йилига 4 миллион йўловчига хизмат кўрсатилаётган бўлса, лойиҳа тўла ишга тушгач, бу рақам 7 миллион кишига етиши мақсад қилинган.
Шарқ дурдонаси – Самарқанд шаҳрида 2022 йилда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитига тайёргарлик ишлари ҳам бошлаб юборилган. Жаҳон андозаларига мос ҳолда барпо этилаётган Самарқанд халқаро аэропортининг йўловчи терминали қиёфасига ўзига хос кўрк ва чирой берилмоқда, ҳамма қулайликлар яратилмоқда. Айни вақтда қурилиш-монтаж, таъмирлаш жараёнлари авжида.
Қайта таъмирлаш ишларига юртимиз ва хорижнинг тажрибали лойиҳачилари, дизайнерлик, архитекторлик, шунингдек, қурилиш компаниялари жалб этилган. Бетакрор ансамблни ўзида жамлаган аэровокзал мажмуасидаги иншоотлар фойдаланишга топширилса, терминал имкониятлари янада кенгаяди. 2021 йилда якунига етказиладиган лойиҳага кўра, аэропорт бир вақтнинг ўзида 6 та ҳаво кемаси ва 1,5 минг фуқарога хизмат кўрсатиш мумкин бўлади.
Евроосиё қитъасининг қоқ марказида қад кўтарган Навоий аэропорти – “халқаро ҳаво дарвозаси” номини олгани бежиз эмас. Унинг парвозлар чорраҳасида жойлашгани 6 соатлик вақт оралиғида шаҳарларни ягона нуқтада бирлаштиришига имкон беради. Бу стратегик иншоотнинг Навоий марказидан 25 км., Бухоро шаҳридан 105 км., Самарқанд шаҳридан 170 км., Қарши шаҳридан эса 250 км. масофа оралиғида экани маҳаллий авиақатновлар, йўловчилар ва экспорт қилувчи тадбиркорлар учун жуда катта қулайлик яратади.
Мазкур ҳудудда бунёд этилган халқаро логистика маркази юртимизни дунё билан ҳаво йўли, темирйўл ва автомобиль йўллари орқали чамбарчас боғлаб, импорт-экспорт жараёнлари узлуксизлигини таъминлайди.
Юкларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва манзилга жўнатиш масалаларида Навоий халқаро аэропорти билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишни, логистика марказининг сифатли хизматларидан фойдаланишни мақсад қилган хорижий авиакомпаниялар, халқаро экспорт ташкилотларининг сони кун сайин ортиб бормоқда.
Ҳозирда энг фаол шериклардан бўлган Туркиянинг “MNG Airlines” авиакомпанияси Олмаота шаҳрига келишув асосида юк рейсларини амалга оширди. “Turkish Airlines” авиакомпанияси эса Истанбул ва Гонконгга ҳафтада 3 тадан юк ташиш бўйича авиарейсларни йўлга қўйган. “SRX Transcontinental Inc” ва “Vision Air” авиакомпаниясининг юкларни ташиш юзасидан тайёрланган қўшма лойиҳаси амалиётга тадбиқ этишга тайёр. Карачи-Навоий-Шаржа ва Бишкек-Навоий-Пекин йўналишларида парвозлар қатнови жадаллашган.“Barsell Enterprise” LTD Olympus Airlines авиакомпанияси ҳам Барселона-Навоий-Гонконг-Навоий-Барселона йўналишида ҳар хафта 6 тадан техник қўниш парвозларини бажариб келяпти. Шу кунларда Навоий-Пекин-Стокгольм-Навоий йўналиши бўйича парвозлар амалга оширилмоқда.
Таклифлар ҳам етарли...
Хорижий ва маҳаллий авиакомпаниялар учун барча қулайликларнинг мавжудлиги биламизки, ҳамкорлар салмоғининг янада ошишига хизмат қилади. “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти АҚШнинг SITA компанияси билан халқаро аэропортларда рақамлаштириш тизимини жорий этиш бўйича келишувларга эришмоқда.
Шунингдек, жамият тасарруфидаги аэропортлар орқали парвозни амалга оширувчи авиакомпанияларга йўловчиларни рўйхатга олиш, парвозга тайёрлов жараёнида ўз тизимларига кириши, ваколати доирасидаги вазифаларни муаммосиз бажаришига имкон берувчи CUTE (Common Use Terminal Equipment) платформасини жорий қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу билан йўловчилар ва уларнинг юкларини SELF-CHECK-IN ва SELF-DROP-BAG дастури орқали online рўйхатдан ўтказиш имкони яратилади.
Мамлакатимиздаги барча халқаро аэропортларда давлат Дастурига биноан “Очиқ осмон“ лойиҳасини босқичма-босқич жорий этиш ишлари бошланган. Аввалига, “Андижон“, “Фарғона“, “Наманган“, “Навоий“ ва “Нукус“, кейин эса барча халқаро аэропортлар учинчи мамлакатларга парвозлар учун “бешинчи ҳаво эркинлиги“ни қўллаш имконияти орқали “очиқ осмон“ тартибида ишлайди.
Давлат-хусусий шериклик асосида фаолият
Мазкур масала Ҳаракатлар стратегиясининг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат Дастурида ҳам ўз ифодасини топган.
Режага мувофиқ, Урганч, Андижон, Қарши, Нукус халқаро аэропортларида давлат-хусусий шериклик асосида маҳаллий ва хорижий инвесторларни кенг жалб этиш, сайёҳларга замонавий хизмат кўрсатиш мақсад қилинган.
Нияти холиснинг иши хайрли
Бундан ташқари, иншоотлар модернизация қилинади, терминаллар тўлиқ янгиланади, аҳоли талаб ва таклифлари максимал даражада ҳисобга олинади.11 та халқаро аэропорт аэровокзалларига тегишли бир километр радиусдаги атроф-ҳудудларида давлат-хусусий шериклик асосида инвесторлар томонидан замонавий меҳмонхоналар, кафе-бар, кинотеатр, дьюти фри ҳамда бренд дўконлари, овқатланиш шоҳобчалари, ресторанлар, спорт ва тиббиёт мажмуалари барпо этилиб, кенг ривожлантирилади. Логистика, савдо, банк ва бошқа хизматлар кўрсатувчи замонавий объектлар тармоғи ҳам яратилади.
Лаълихон СОБИРОВА,
журналист