“Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти коррупцияга қарши бошқарув тизимини жорий этиш борасида муҳим ютуққа эришди. Жамият халқаро сертификатлаш ташкилоти — CERT International (Словакия) томонидан ўтказилган мустақил аудитни муваффақиятли якунлаб, ISO 37001:2016 халқаро сертификатига сазовор бўлди.
Мазкур аудит жараёнида компаниянинг коррупцияни олдини олиш, шаффофликни таъминлаш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ички сиёсат ва механизмлари юқори баҳоланди. Натижада, “Uzbekistan Airports” АЖнинг коррупцияга қарши бошқарув тизими халқаро стандартлар талабларига тўлиқ мос экани тасдиқланди.

Қайд этилишича, ISO 37001:2016 халқаро стандарти коррупцияга қарши самарали бошқарув тизимини шакллантириш, хавфларни аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, масъулиятли ва ҳисобдор бошқарувни йўлга қўйишга хизмат қилади. Ушбу стандарт ташкилот фаолиятида ҳалоллик, очиқлик ва ишонч муҳитини шакллантиришга қаратилган энг илғор халқаро амалиётларни ўзида мужассам этади.
Сертификатланган тизим доирасида жамият ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажаришда қонунчилик талабларига қатъий риоя этиши, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги ва коррупцияга нисбатан мутлақ муросасизлик тамойили асосида фаолият юритиши белгиланган.
ISO 37001:2016 сертификатининг қўлга киритилиши “Uzbekistan Airports” АЖга нисбатан давлат органлари, халқаро ҳамкорлар ҳамда профессионал авиация ҳамжамияти ишончини янада мустаҳкамлайди. Шунингдек, у компаниянинг стратегик аҳамиятга эга инфратузилмани халқаро стандартлар асосида самарали ва барқарор бошқаришга тайёр эканини намоён этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА