Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Uzbek Import Fair-2025” халқаро кўргазмада бухоролик тадбиркорлар фаол
12:10 / 2025-10-08

Пойтахтимиздаги “O‘zekspomarkaz” кўргазмалар мажмуасида “Маҳаллий контентни оширишда импортни оптималлаштириш” мавзусига бағишланган “Uzbek Import Fair-2025” биринчи халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Кўргазмада саноатнинг 24 йўналиши бўйича Ўзбекистонда ишлаб чиқариш имконияти юқори, бироқ ҳозирча импорт ҳажмида устун бўлган уч мингдан ортиқ турдаги маҳсулотлар намойиш этилмоқда. 

Ушбу жараёнда Бухоро вилоятининг йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаол қатнашмоқда. Шунингдек, фаолиятини кенгайтиришга интилаётган 60 дан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

Бухоро вилоятида ҳам импорт ҳажми йилдан-йилга ўзгариб бормоқда. 2022 йилда 20,6 фоизга, 2023 йилда 14,8 фоизга ўсиш қайд этилган бўлса, 2024 йилда 2,2 фоизга пасайиш кузатилган. Жорий йилнинг ўтган 9 ойида эса импорт 16,7 фоизга ортган. Импорт таркибида асосан нефть ва нефть маҳсулотлари, технологик асбоб-ускуналар, металлар ва улардан тайёрланган буюмлар, кимё саноати маҳсулотлари, пластмасса буюмлар, электротехника воситалари ва қисмлари, транспорт воситалари ҳамда уларнинг эҳтиёт қисмлари, ёғоч ва тахтадан тайёрланган маҳсулотлар устунлик қилмоқда.

Кўргазма давомида хорижий инвесторлар, жумладан, Покистонлик тадбиркорлар ўзбек мўйна маҳсулотларига катта қизиқиш билдирди. Уларнинг фикрича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган мўйна маҳсулотлари нафақат сифат ва дизайн жиҳатидан, балки халқаро бозор талабларига ҳам тўлиқ мос келади ва рақобатбардош ҳисобланади.

Шу тариқа, “Uzbek Import Fair-2025” нафақат импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни тарғиб этиш, балки хорижий сармоядорлар билан янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда ҳам муҳим платформа вазифасини ўтамоқда.

Мазкур нуфузли тадбирнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — унда нафақат қўшни давлатлар, балки АҚШ, Венгрия, Корея, Миср, Озарбайжон, Покистон, Словакия, Қувайт ва Япония каби мамлакатлардан қарийб 30 та йирик хорижий компания вакиллари иштирок этиш истагини билдирган. Бу эса мазкур кўргазманинг нафақат миллий миқёсда, балки халқаро ҳамкорлик майдонига айланиб бораётганини яққол намоён қилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА