Бу ҳақидаги компания баёнотида маълум қилинишича, логистика муаммолари портлар ва темир йўлларда (контейнерлар 6 ойгача кечикади), шунингдек, бутун дунё бўйлаб ярим ўтказгичларни етказиб беришда узилишлар глобал автомобиль саноатида узоқ давом этган инқирозга олиб келди. Афсуски, мазкур компания ҳам шу каби муаммолардан мустасно эмас.
Кечаю кундуз ишлаб чиқариш, дилерларнинг барча саъй-ҳаракатлари ва компания ходимларининг фидокорона меҳнатига қарамай, автосалонларда навбатлар тобора ортиб бормоқда. Жамоа октябрь, ноябрь ва декабрь ойларида шартнома мажбуриятларини сифат жиҳатидан йўқотмасдан бажариш учун барча имкониятларни ишга солди. Аммо ҳар сафар компания вазиятни амалда енгиб, аввал етказиб берилмаган автомобилларни ишлаб чиқара олди ва деярли нормал иш ритмига қайтди.
Бундай шароитда компаниянинг бошқа бир йўли мавжуд эмас, бир қатор бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчилардан ўрнак олиб, вақтинча – 2021 йил 20 декабрдан 2022 йил 1 февралгача Nexia, Spark, Cobalt, Lacetti автомобилларини сотиш бўйича янги аризалар қабул қилишни тўхтатди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, барча куч-ғайрат олдиндан буюртма қилинган автомобилларни ишлаб чиқаришга қаратилмоқда. Айнан шу мақсадда завод белгиланган муддатда ишлайди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА