Жорий йилнинг 8-10 август кунлари Хива шаҳрида анъанавий тарзда ўтказилган “Қовун сайли” фестивали Хоразмдаги барча соҳалар вакиллари учун ҳам ижодий, ҳам маънавий баҳс майдони бўлди.
Фестиваль доирасида ўтказилган кўрик-танловларда “UzAuto Motors” акциядорлик жамиятининг Хоразм филиали фаол иштироки билан алоҳида ажралиб турди. Жамоа мусобақада муносиб иштирок этиб, иккинчи ўринни эгаллади ва “Дамас” русумли енгил тижорат автомашинаси билан тақдирланди.
Ушбу ютуқни жамоа фақатгина корпоратив муваффақият деб эмас, балки кенг жамоатчилик манфаатига хизмат қилувчи имконият сифатида баҳолади.
Шу мақсадда “UzAuto Motors” АЖ Хоразм филиали мазкур автомобилни Хоразм вилояти фтизиатрия ва пульмонология марказига совға қилишга қарор қилди.
Тантанали топшириш маросимида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Кўпалбой Тангрибердиев ва “UzAuto Motors” Хоразм филиали директори Собиржон Жуманиёзов иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини яхшилашга қаратилаётган эътибор ҳақида тўхталиб ўтди.
[gallery-24721]
Шунингдек, тиббиёт муассасаси жамоаси мазкур хайрия туҳфаси учун “UzAuto Motors” жамоасига чуқур миннатдорчилик изҳор этди.
Бундай ташаббуслар жамият тараққиётида муҳим аҳамият касб этиб, тиббиёт муассасаси фаолияти самарадорлигини оширишга, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари