French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"UzAuto Motors" автомобилларининг нархи нега қиммат? – Иқтисодчи изоҳи
12:34 / 2023-10-09

Ўзбекистоннинг маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчиси "UzAuto Motors" ўзининг монополь мавқеидан фойдаланган ҳолда мамлакат ички бозорида автомобилларни оширилган нархларда сотмоқда, деган фикрлар кўпчилик юртдошларимизнинг доимий муҳокамасига сабаб бўлади. Қолаверса, "UzAuto Motors" ички бозорларга машиналарни қиммат сотиб, қўшни давлатларга мaшиналарни экспорт қилганда нархлар анча арзонлиги айтилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби профессор-иқтисодчиси Тўлқин Бобоқуловнинг бу борадаги фикрлари қуйидагича.

– Машиналарнинг нархи қимматлиги аҳоли даромадига нисбатан айтилади, – дейди Тўлқин Бобоқулов. – Ҳеч кимга сир эмас, аҳолининг даромад даражаси паст. Масаланинг икки томони бор. "UzAuto Motors" томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар бутловчи қисмининг 70 фоизи хориждан валютада олиб келинади. Сўм хорижий валютага нисбатан қадрсизланса, "UzAuto Motors"нинг харажатлари табиий равишда ошиб бораверади. Бу эса машиналар нархининг кўтарилишига олиб келади.

Машиналарнинг нархи асосли қўйилганми, йўқми? Буни аниқлаш учун Ҳукумат комиссияси тузиб, таннархнинг калькуляциясини текширса бўлади. Мисол учун, машинанинг бутловчи қисмлари қанчага олинган? Балки 1 долларга олинган нарса 10 доллар қилиб кўрсатилаётгандир? Бу ерда кимнингдир манфаати бўлиши ҳам мумкин. Таннархнинг калькуляциясини текшириш орқали хулоса берса бўлади. "Машиналарнинг нархи қимат" деган гап-сўзлар бусиз асоссиздир.

– Кўпчилик "UzAuto Motors" автомобиллари қўшни давлатларга маҳаллий бозордан бир неча баробар арзон экспорт қилинаётганини айтади. Бу фикрларга қандай муносабат билдирасиз? 

– Бунинг иккита сабаби бор. Биринчиси, давлат автомобиллар экспортига молиявий имтиёзлар қўллаган. Масалан, солиқ имтиёзлари берилган.

Иккинчиси, машиналарни қайси мамлакатга сотаётган бўлсак, ўша мамлакатдаги бошқа хорижий автомобилларнинг нархи ҳам ҳисобга олинади. Масалан, Россияга биздан ташқари ўнлаб компаниялар автомобиль экспорт қилади. Ўша хорижий компанияларнинг машиналари нархи ўрганилади. Агар бизнинг машиналар уларникидан қиммат бўлса, дилерларимиз автомобилларимизни сота олмайди. Албатта, россиялик истеъмолчи арзонроғини олади. Мана шу икки ҳолатдан келиб чиқиб нарх белгиланади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/dKsYmqfk3Bo" title="&quot;UzAuto Motors&quot; автомобилларининг нархи нега қиммат? –  Иқтисодчи изоҳи" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Шаҳноза Маматуропова, 
Даврон Эрназаров (видео), 
ЎзА