"UzAuto Motors" автомобиллари истеъмолчиларга яна 2 ойга кечиктириб етказилади
"UzAuto Motors" компанияси 2021 йилнинг ноябр-декабр ойларида автомобиль етказиб берилишини кутаётган харидорларга етказиб бериш муддатини яна 2 ойга узайтиргани ҳақида маълум қилди.
Компания автомобилни етказиб бериш бўйича илгари тузилган шартноманинг 1.2 бандига мос равишда шартномага 3.1.1 бандни киритишга мажбурлигини маълум қилган.
Қайд этилишича, "UzAuto Motors"га боғлиқ бўлмаган ҳолатлар – яримўтказгичлардан тайёрланган бутловчи қисмлар етишмовчилиги ҳамда глобал логистика муаммолари сабабли компания 3.1.1 бандини қўллашга ҳамда 3.1 бандда кўрсатилган автомобилларнинг кутилаётган етказиб бериш муддатини 2 ойга узайтиришга мажбур.
Компания ушбу экстремал чора истеъмолчилар томонидан тўғри қабул қилинишига умид қилмоқда.
“Сизни ишонтириб айтамизки, узоқ кутилган автомобилингизни имкон қадар тезроқ олишингиз учун қўлимиздан келган барча имкониятларни қиламиз”, – деб хабар бермоқда компания.
ЎзА