Қашқадарё вилоятининг барча туманларида спортнинг бир неча турлари бўйича 30 ёшгача бўлган уюшмаган ёшлар ўртасида “Ҳоким кубоги” мусобақалари ўтказилмоқда.
Муборак туманида ҳам бу каби мусобақалар кўтаринки руҳда ўтмоқда. Туман ҳокимлиги ва туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими ташаббуси билан туман маҳаллаларидаги 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида жорий йилнинг 1-4 декабр кунлари спортнинг “Мини футбол” тури бўйича туман “Ҳоким кубоги” мусобақаси икки босқичда ўтказилди.
30 ёшгача бўлган хотин-қизлар ўртасида ташкил этилган стол тенниси мусобақаси ҳам кескин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди. Кенг аҳоли вакиллари иштирокида ташкил этилган велосайир ҳам барчада қизиқиш уйғотди.
- Пандемия шароитида юзага келган вазият барчамизни хушёрликка чорлади ва спортнинг инсон саломатлигида қанчалик аҳамиятли экани аён бўлиб қолди, – дейди Муборак тумани жисмоний тарбия ва спорт бўлими раҳбари Фарҳод Тошев. – Шу боис Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳудудларда кенг аҳоли вакилларини спортнинг оммавий турларига жалб қилиш, айниқса уюшмаган ёшларни спортга қизиқтириш мақсадида мини футбол, стол тенниси, веломарафон каби спорт турлари бўйича мусобақалари уюштирилмоқда. Энг муҳими ташкил этилаётган бу каби мусобақаларни ёшлар ва аҳоли вакиллари кўтаринкилик билан қабул қилмоқда.
Мусобақалар сўнгида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсталик совғалари билан тақдирланди.
Дарҳақиқат, зарарли одатлардан воз кечиб, оммавий спорт билан доимий шуғулланиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилиш, бир сўз билан айтганда соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётимизга айлантиришимиз зарур эканлигини бугунги даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Ў.БАРОТОВ, ЎзА