English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уюшма корхоналари ўтган 11 ойда 8,7 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди
12:22 / 2021-12-28

Миллий матбуот марказида “Қурилиш материаллари соҳасида 11 ойда амалга оширилган ишлар таҳлили” мавзуида галдаги матбуот анжумани ўтказилди. “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси раҳбарияти, мутахассислар иштирок этган анжуманда соҳада амалга оширилган ишлар ва режалар ҳақида сўз борди.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Азизбек Баҳодировнинг таъкидлашича, қурилиш материаллари соҳасида жорий йилда жами 24,2 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Уюшма корхоналари томонидан эса ўтган 11 ойда 8,7 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.

– Ўтган ҳисобот даврида цемент ишлаб чиқариш ҳажми соҳа бўйича 13,8  миллион тоннани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 111,7 фоизга ўсган, – деди А.Баҳодиров. – Уюшмага аъзо саноат корхоналари томонидан 25,2 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 15,5 миллион квадрат метр  керамик плитка (129,6 фоиз), 36 миллион квадрат метр  гипсокартон  (101 фоиз) ишлаб чиқарилган.

Анжуманда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилган ишларга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, дастур бўйича 901,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўтган йилга нисбатан 128,9 фоизга ошганини қайд этиш жоиз.

Соҳа бўйича жами импорт ҳажми 1 миллиард 10,9 миллион долларни ташкил қилди. Жорий йил якуни билан уюшмага аъзо корхоналар импорти 21 миллион долларга ёки 6,5 фоизга қисқаришга эришилади. Жорий йилда соҳа бўйича 1 миллиард 104 миллион долларлик, шу жумладан, 912 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилади. Шундан уюшма бўйича Инвестиция дастурига асосан 39 та лойиҳа доирасида 328,1 миллион долларлик маблағлар, шу жумладан, 215 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади. Эътиборлиси, жорий йилда қиймати 306 миллион долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилиб, бунинг натижасида 1 минг 635 та янги иш ўрни ташкил этилди.

Тадбирда экспорт ҳажми 376,2 миллион долларни ташкил этиб, бу режага нисбатан 167,6 фоизни кўрсатгани ҳақида маълумот берилди. Жумладан, 80 миллион долларлик ПВХ профил, труба ва пластмасса маҳсулотлари, 60 миллион долларлик керамика маҳсулотлари, 35 миллион долларлик алюмин профил ва алюминдан ясалган маҳсулотлар, 30 миллион долларлик қуруқ қурилиш қоришмалари ва цемент маҳсулотлари 20 миллион долларлик цемент, 15 миллион долларлик обой ва бошқа қоғоз маҳсулотлари экспорт қилинган.

Анжуманда 2022 йилда уюшма томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган режалар ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, келгуси йил қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини соҳа бўйича 27,6 триллион сўмга, шу жумладан, уюшма бўйича 10,5 триллион сўмга етказиш ва 110,1 фоизга ўсишни таъминлаш режалаштирилган.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2022 йилда умумий қиймати 950 миллиард сўмлик 17 та лойиҳа бўйича қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва шунинг ҳисобига импорт ҳажмини 86 миллион долларга қисқартириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Инвестиция дастурига асосан 369,4 миллион долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилади ва мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,
ЎзА