Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уюшган жиноий гуруҳ фаолияти фош қилинди
17:01 / 2026-03-03

“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг биринчи босқичи доирасида уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйишга қаратилган тезкор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Криминал ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ўзини қонунлардан устун қўйиб, ноқонуний йўллар билан даромад орттиришни мақсад қилган шахсларга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қатъий ва муросасиз кураш олиб борилмоқда.

Хусусан, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги Тезкор-қидирув хизмати ДХХ тузилмалари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор-қидирув тадбирлари давомида бир гуруҳ шахсларнинг жиноий фаолиятига чек қўйилди.

Гуруҳ етакчиси, 1994 йилда Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида туғилган Б.У. (лақаби “Батон”), муқаддам Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан судланган. Унинг жиноий шериги 1993 йилда Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида туғилган Ж.И. (лақаби “Рижий”).

Ушбу шахслар ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, одамлар гавжум чорраҳалардан бирида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган ҳайдовчиларга пичоқ ва бошқа совуқ қуроллар орқали ноқонуний равишда босим ўтказиб, ушбу ҳудудда ишлашларига имкон яратиб бериш эвазига ҳар куни товламачилик йўли билан пул талаб қилиб олган.  

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида мазкур жиноий гуруҳ 2025 йилнинг сентябрь ойидан шу кунга қадар ҳайдовчилардан жами 90 миллион сўм миқдоридаги пул маблағларини товламачилик йўли билан қўлга киритгани аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми "в" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундай ҳолатлар жамият тинчлиги ва фуқароларнинг қонуний манфаатларига жиддий хавф туғдиради. Унутманг, қонун устувор бўлган жамиятда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи давлат ҳимоясидадир. Огоҳлик ва ҳушёрлик, жиноятчиликка қарши курашда энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг биринчи босқичи доирасидаги тадбирлар давом эттирилмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА