Уйланиш одоби: хотини жаҳлдор ва қўпол бўлса...
Солиҳа аёлга уйланиш лозим.
Солиҳа аёлга уйланиш лозим. Чунончи, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёл кишига тўрт нарсаси: бойлиги, насаби, гўзаллиги ва диёнати учун уйланилади. Диёнатлигини танланг, барака топасиз” (Имом Бухорий ривоятлари), деганлар.
Йигит уйланмоқчи бўлган қиз аввал турмушга чиқмаган бўлиши керак. Тўрт ҳолатда хотин эридан паст, тўрт ҳолатда баланд бўлиши керак: аёл ёш ва бўй, мол ҳамда насаб жиҳатидан эридан паст, ҳусн ва хулқ, одоб ва иффатда эридан юқори туриши лозим.
Олти турли аёлга уйланиб бўлмайди. 1. Бола туғмайдиган (бепушт). 2. Эрининг молини авайламайдиган. 3. Миннат қилувчи. 4. Нола ва фарёд қилувчи. 5. Шарм-ҳаёсиз, ибосиз ва иффатсиз (унинг иффатсиз, номуссиз эканини ҳамма билса). 6. Кўриниши хушсурат, аммо асли нопок, бадфеъл аёлга.
Эр хотинига яхши муомала қилиши керак. Очиқюзли бўлиш ва беҳудага ғазаб қилмаслик лозим. Чунончи, эр аёлига олижаноб бўлиши, яъни мурувват ва футувват кўрсатиши зарур.
Хотини жаҳлдор ва қўпол бўлса, унинг жафосига сабр қилиб, муросаю мадора ва тўғри муомалада бўлиш керак.
Эр аёли ва қўл остидагиларга ҳалол йўл билан нафақа қилиши керак. Агар нафақа ва кийинтиришда молнинг ҳалоллигида иштибоҳ бўлса, уни кийимга сарфлаган маъқул.
Эр аёлининг ҳавойи нафсга берилишига йўл қўймаслиги керак.
Эр аёлини рашк қилиши лозим. Уни номаҳрамлар билан хилватда қолишига имкон бермаслиги зарур.
Хотин такаббурлик қилиб, эрининг имкони ва тоқати етмайдиган нарсаларга ундаса, эр унга одоб бериши керак. Аввало, насиҳат қилиши лозим. Бу ҳам фойда бермаса, бир ой ётоғини алоҳида қилиши керак. Агар аёли хатосини тушуниб етиб, тавба қилса, аввалгидек унга марҳаматли бўлиш зарур.
Иккинчи фасл
Хотин эрининг рухсатисиз кўчага чиқмайди. Бегона ва номаҳрам кишиларни уйига киритмайди. Эрининг молини берухсат ишлатмайди.
Аёл ўзининг зиммасидаги рўзғор юмушлари ва бошқа ишларни тартиб билан адо этади.
Эри шод бўлса, шод, ғамгин бўлса, ғамгин бўлади.
Эрининг топганига қаноат қилади.
Эрини қўллаб-қувватлайди.
Эри вафот этса, мотам тутиб, тўрт ою ўн кун идда ўтиради.
ҲАММОМ ОДОБЛАРИ
Бунинг олти одоби бор.
Биринчи одоб. Ҳаммомга авратни ёпадиган кийим (лунги) билан кириш.
Иккинчи одоб. Сув қуяётиб ёки ҳаром тукларни олишдан бошқа пайтда аврат аъзоларни, ҳаммомда хоҳ холи, хоҳ холи бўлмасин, очмаслик керак. Бегонанинг авратига қарамаслик керак.
Учинчи одоб. Сувни исроф қилмаслик ва сачратмаслик керак.
Тўртинчи одоб. Ҳаммомда тиқилинч пайтда кишиларга азият бериб, сув олмаслик зарур.
Бешинчи одоб. Сувни меъёрида ишлатиш керак.
Олтинчи одоб. Ҳаммомчининг ва сартарошнинг хизмат ҳақини бериш керак. Ҳаммомдан чиққач, бирор танишини учратиб қолса, унга: “Аллоҳ пок қилсин”, деб эзгу ният билдиради.
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари