English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уйида қимор ўйини ташкил этган шахсга жиноят иши қўзғатилди
11:13 / 2020-07-22

Бугун уйда қолиб, ўз соғлигимизни асрашимиз, қолаверса, шу йўл билан вирусни жиловлашга ҳисса қўшишимиз мумкин.

Карантин қоидаларига амал қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бугун уйда қолиб, ўз соғлигимизни асрашимиз, қолаверса, шу йўл билан вирусни жиловлашга ҳисса қўшишимиз мумкин.

Афсуски, баъзи тоифадаги кишилар уйга йиғилиб, қимор ўйнаётганини қандай тушуниш керак? Гап шундаки, А. Олимжонов кечки пайт ўзининг Олтиариқ тумани Сертут маҳалласидаги яшаш уйида Ҳ.Назаров, Ш.Мухторалиев, Х.Мамадалиев ва У.Абдураҳмоновлар билан карантин қоидаларини бузиб, қимор ўйини ташкил этган. Соат 20:00 лар чамасида улар таваккалчилик асосида пул тикиб, қимор ўйнаб ўтирганида ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ушланади ва ҳуқуқбузарлардан 880 минг сўм пул ҳамда бир қути ўйин картаси ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинади.

Хонадон эгаси А. Олимжоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекснинг 270-моддаси 1-қисми ва 278-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳ.Назаров, Ш.Мухторалиев, Х.Мамадалиев ҳамда У.Абдураҳмоновга мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Олтиариқ туман маъмурий суди томонидан ўтказилган очиқ суд мажлисида қиморбозларнинг карантин давридаги бу ҳуқуқбузарлигига қонуний баҳо берилди. Ҳуқуқбузарлар суд жараёнида қилмишидан пушаймонлигини билдиришди.

Мамлакатимизда эпидемияга қарши жиддий курашилаётган синовли кунларда, баъзи фуқаролар номақбул хатти-ҳаракати кишининг таъбини хира қилади. Ўз саломатлигига бепарволик билан қарайдиган инсонларнинг бошқалар соғлигига эътиборли бўлиши мумкинми? Оғриқли саволнинг оғриқли жавоби барчани ўйлантиради. Қоидабузарларга эса жазо муқаррардир.