Уйи йўқ фуқарога уй ажратиладиган бўлди
Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров шаҳардаги Aлишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида сайёр қабул ўтказди.
Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров шаҳардаги Aлишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида сайёр қабул ўтказди.
Халқнинг дардини ҳис қилиб яшаш, одамларнинг муаммо ва ташвишларини ҳал этиш бугун ҳар бир раҳбарнинг биринчи галдаги вазифаси ҳисобланади. Ана шундан келиб чиқиб, ўтказилган қабулда шаҳар ҳокими 100 нафардан ортиқ фуқаро билан мулоқот қилиб, уларнинг қийнаётган масалаларни ҳал этишга ҳаракат қилди.
Қабулда ахолининг аксарияти уй-жой, моддий ёрдам олиш, бандлик, ишга қайта тиклаш, кредит ажратилишига кўмаклашиш, тиббий хизмат, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда йўлларни таъмирлаш каби масалалар юзасидан мурожаат қилди.
Бир қатор фуқароларнинг мурожаатлари шу ернинг ўзида ҳал этилди.
– Ота-онам ўтиб кетган, – дейди Андижон шаҳри Хурсандлик маҳалласида яшовчи Патидин Қодиров.
– Ўз уйим йўқлиги учун қариндошларимникида яшайман. Мавсумий ишлар билан шуғулланиб, тирикчилик ўтказаман. Қабулда ҳокимимизга уй олишда ёрдам кўрсатишини сўраб мурожаат қилдим.Очиғи, мени қийнаётган муаммо бу қадар тез ҳал бўлади, деб ўйламаган эдим. Шаҳар ҳокими суҳбатимиздан сўнг менга Андижон шаҳридаги оилавий ётоқхонадан алоҳида уй ажратиб берадиган бўлди.
Сайёр қабулда шаҳар ҳокими аксарият мурожаатларни ижобий ҳал этиш юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига тегишли топшириқлар берди.
Президентимиз ташаббуси билан одамларнинг муаммо ва ташвишларини ҳал этиш, оғирини енгил қилиш йўлида олиб борилаётган бу каби хайрли ишлар, фуқароларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик юртдошларимизнинг давлатга, эртанги кунга бўлган ишонч ва умидини янада мустаҳкамламоқда.