Қуйи Чирчиқ ва Чиноз тумани пахта режасини бажарди
Тошкент вилоятининг икки тумани – Қуйи Чирчиқ ва Чиноз туманлари бир кунда давлатга пахта сотиш шартномавий режасини ортиғи билан бажарди.
Тошкент вилоятининг икки тумани – Қуйи Чирчиқ ва Чиноз туманлари бир кунда давлатга пахта сотиш шартномавий режасини ортиғи билан бажарди.
Тошкент вилояти пахтакорлари жорий йил 73 минг гектарда ғўзанинг серҳосил, маҳаллий иқлимга мос навларини парваришлаб, мўл ҳосил етиштирди.
Айни пайтда вилоят пахта далаларида йиғим мавсуми якуний босқичда. Вилоят пахтакорлари – 750 дан ортиқ терим отрядларига бириктирилган 170 мингдан зиёд теримчи, 50 дан ортиқ пахта териш машиналари, 6 та агрокластер мажмуасидан иборат жамоа 219 минг 600 тонналик улкан хирмон сари тобора яқинлашмоқда.
Қуйи Чирчиқ туманида жорий йил 27 минг тонна пахта етиштириш режалаштирилган эди. 27 октябрь куни туман пахтакорлари мазкур режани 10 тонна ортиғи билан бажарди.
Эътиборли жиҳати, туман пахта далаларида ҳали ҳосил мўл. Маълумотларга кўра, туман бўйича 600 гектар ҳали биринчи терим бошланмаган пахта даласи бор.
Чинозлик пахтакорлар ҳам дам олиш куни 18 минг 600 тонналик давлатга пахта сотиш шартномавий режасини ортиғи билан бажарди. Қуйи Чирчиқ тумани пахтазорларидан бир кунда 800 тоннадан ортиқ оқ олтин териб олинаётган бўлса, чинозлик фермерлар қабул пунктларига бир кунда қарийб 400 тонна ҳосил топширмоқда.
Мавсум бошидан пешқадамликни қўлдан бермай келаётган Ўрта Чирчиқ, шунингдек, Пискент ва Юқори Чирчиқ туманлари пахтакорлари айни пайтга қадар белгиланган шартномавий режанинг қарийб 95 фоизлик марра чизиғини босиб ўтди.
Маълумотларга кўра, вилоят бўйича пахта сотиш шартномавий режасининг қарийб 90 фоизи бажарилди.