Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қуйи бўғинлар қўлида “кучли қурол” бўлиши шарт!
21:12 / 2020-04-23

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари иштирок этган видеоанжуманда айни шу масалалар муҳокама қилинди.


Коронавирус пандемияси жаҳон иқтисодиётига жуда катта зарар келтириб, ижтимоий ҳаётни издан чиқараётган бир пайтда Ўзбекистонда тизимли чора-тадбирлар кўрилаётгани инфекция тарқалишини жиловлаш имконини берди.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг аҳолининг турли қатламларини ўзига хос тарзда қўллаб-қувватлашга доир фармон ва қарорлари ижроси қатъий таъминланаётгани, энг муҳими, бунда тиббиёт ходимларининг фидоийлиги натижасида касаллик чекина бошлади.

Аммо шунга қарамай, Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ғоя ва ташаббуслар моҳиятини, иқтисодиёт ва аграр соҳани қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар учун қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш, айниқса, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати сингари йирик лойиҳалар ҳақида холис ахборотлар етказиш аҳолига пандемик вазият хусусида тўғри хулоса чиқариш имконини беради. Албатта, бу ўз-ўзидан сиёсий партиялар зиммасига ҳам жуда катта масъулият юкламоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари иштирок этган видеоанжуманда айни шу масалалар муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, партия Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров иштирок этган семинар-тренингда ахборот ва коммуникация технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда тарғибот тадбирларини кучайтириш, партиянинг жойлардаги таянч бўғинлари ҳисобланган маҳаллий кенгаш депутатлари ва бошланғич ташкилотлар зиммасига ҳукумат томонидан олиб борилаётган ишлар ва унда партиянинг иштироки ҳақида кўпроқ ахборотлар тарқатиш вазифаси юклатилди. Бундан кўзланган асосий мақсад ҳар қанча вазият мураккаб бўлмасин давлат ўз фуқаролари учун халқона сиёсат олиб бораётганини англаб етсин.

Видео-анжуманда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати партиянинг ҳудудий ташкилотлари, маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан қўллаб-қувватлангани таъкидланиб, кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатишда партиянинг ҳар бир аъзоси фаол иштирок этиши лозимлиги қайд этилди.

Тадбирда, шунингдек, партия фаолиятини оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда ёритишнинг долзарб вазифалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Бунда таниқли олиш ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети доценти Беруний Алимовнинг “Медиа имиж — аудиторияга таъсир этиш технологияси сифати: ахборот маконида партия нуфузини янада ошириш” мавзусидаги маърузаси, ЎзЖОКУ “PR ва халқаро коммуникация” кафедраси мудири Гулнора Нишонованинг эса “Замонавий медиа муҳитда кризис коммуникациялар ва улардан фойдаланишнинг аҳамияти” мавзусидаги маърузалари партия фаолларида катта қизиқиш уйғотди, дейиш мумкин.

Марказий кенгаш раиси биринчи ўринбосари Нодир Мухторовнинг фикрича, пандемия шароитидаги мураккабликлар, ўзаро мулоқотларнинг нисбатан чеклангани партия ишига салбий таъсир этмаслиги керак. Бу партиянинг ҳар бир ходими, депутатидан жуда катта масъулият талаб этади, албатта.

Тадбирда партиянинг 1200 кишилик депутатлар корпуси фаолияти изчил ёритилаётган махсус канални янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Видеоанжуманда Марказий кенгаш раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова ҳам сўзга чиқиб, сиёсий майдонда замонавий ахборот технологиялардан самарали фойдаланиш, партия ходимларининг ахборот маданиятини ошириш, сиёсий ахборотларни сифатли тайёрлаб, тезкор тарқатиш масалаларида ўз мулоҳазаларини билдирди.

Конференция якунида партиянинг ижтимоий тармоқларда мунтазам фаолият олиб борадиган SMM жамоасини шакллантириш таклифи илгари сурилди.

Равшан Маҳмудов,
ЎзМТДП бош мутахассиси