Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Уйғурсой” обод манзилга айланади
12:15 / 2022-10-07

“Наманган тажрибаси” сифатида вилоят бўйича 28 та энг оғир деб топилган ҳудудлардаги маҳаллаларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинган эди.

Апрель ойида Поп туманидаги “Уйғурсой” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган тоза ичимлик ва оқова суви, электр таъминотини яхшилаш, ички йўллар, кўп қаватли уйларни таъмирлашга киришилди. Уйғурсойда 23 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Саъй-ҳаракатлар натижасида 10 километр ички йўллар шағаллаштирилди, 2 километр ички йўллар цемент-бетон қопламаси билан қопланди, бир чақирим масофадаги ички йўл асфальтлаштирилди, 18 километр ичимлик суви тармоғи тортилди  ва битта сув иншооти қайта реконструкция қилинди.
Бундан ташқари, 2,1 километр электр тармоғи янгидан қурилиб, иккита янги трансформатор ўрнатилди, 70 дона таянч устун янги бетон таянч устунларига алмаштирилди. Маҳаллада пиёдалар йўлакчаси барпо этилди, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. 75 йил олдин ташкил топган мазкур маҳаллада 1947-1950 йиллар оралиғида қурилган 29 та кўп қаватли уй мукаммал таъмирланди.

[gallery-9047]

Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан 5 миллиард сўм маблағ ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш ва ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун воркаут, волейбол, баскетбол, футбол каби спорт майдончалари қурилди. Йиллар давомида қаровсиз ва ачинарли ҳолдаги маданият биноси қайта таъмирланиб, маънавият ва маърифат марказига айлантирилди. Марказдаги мўъжаз кутубхонада эса китоб мутолааси учун шароитлар яратилган.

Маҳалладаги оилавий шифокорлик пункти таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Келгусида “Уйғурсой”да хайрли ишлар давом эттирилиб, 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш ҳам кўзда тутилган. 

– Кўчаларимиз обод, йўлларимиз равон, маҳалладошлар  кечки сайрга чиқиб, мириқиб дам олмоқда, – дейди шаҳарчада яшовчи Равшаной Бойқўзиева. – Ҳатто, биз кексалар ҳам бир-биримиз билан дийдорлашиб, гурунглашиб ўтирадиган бўлдик. Йиллар давомида бизни қийнаб келаётган тоза ичимлик суви муаммосини ҳам ҳал қилиб беришди, барака топишсин. Шу ерга келин бўлиб тушганимга қарийб ярим аср бўлди. Бу жойларни шароитига кўникишим анча қийин кечган. Мана энди яйраб яшаймиз. Албатта, бундай ишлар ортида катта маблағ ва машаққатли меҳнат ётибди. 

Маънавият ва маърифат маркази очилишида Республика Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Азиз Икромов, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, мазкур ҳудуддан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдумалик Акрамов иштирок этди.

Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА