Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уйгача етиб келмаган хурсандчилик ёхуд носоз буюмлар хариди
11:17 / 2022-01-27

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ишонч телефонига Навбаҳор туманида яшовчи Р.Ахматовдан мурожаат тушган.

Қайд этилишича, у харид қилган яп-янги кир ювиш машинасини уйига етказилгач, эски машина бўлиб чиқади. Истеъмолчи сотувчига бу ҳақда бир неча маротаба мурожаат қилсада, ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Мурожаат ўрганилиб, машина учун тўлаган маблағ фуқарога қайтарилди.

Шунингдек, Конимех туманида яшовчи Ш.Эшмуродовнинг мурожаатида айтилишича, у "Media Park" савдо дўконидан муддатли тўлов эвазига музлатгич харид қилган, бироқ орадан кўп ўтмай, музлаткич носоз ҳолга келиб қолган. Ш.Эшмуродовнинг дўкон маъмуриятига музлатгични таъмирлаб ёки алмаштириб беришларини сўраб қилган мурожаатлари эътиборсиз қолган.

Навоий шаҳар жамияти ходимлари мурожаатни ўргангач, музлатгич ҳақиқатдан ҳам носозлиги маълум бўлди. Дўкон раҳбарига фуқаронинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари, хизмат кўрсатувчининг мажбуриятлари ва ҳолатнинг қонуний оқибатлари тушунтирилди. Натижада, музлатгич сифатли таъмирлатиб берилган.

Яна бир мурожаат Навоий шаҳрида яшовчи М.Хамраевдан келган. Унда қайд этилишича, М.Хамраев сотиб олган “AVTECH” русумли ноутбук бир ой муддатда носоз ҳолга келиб қолган. Мурожаат ўрганилиб, ноутбук янгисига алмаштирилди.

Шунингдек, Навбаҳор туманида яшовчи Д.Ражабов ҳам савдо мажмуасидан харид қилган музлатгичи носоз чиққанлиги ва бу ҳақда сотувчига қилган мурожаати эътиборсиз қолганлигидан норози бўлиб, федерациядан ёрдам сўраган.Мурожаат ўрганилиб, сифатсиз маҳсулот янгисига алмаштириб берилди.

Мафтуна Каримова, ЎзА