English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уйдан топилган 4 бош Бухоро хонгули вақтинча сақлаш учун Термиз ҳайвонот боғига топширилди
09:31 / 2022-10-02

Сурхондарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари Термиз туманида ўтказган тезкор тадбир чоғида тумандаги уйлардан бирига адашиб кириб қолган 4 бош Бухоро буғуси борлигини аниқлади.

Бухоро буғуси ёки хонгул – жуфт туёқлилар туркумининг буғулар оиласига мансуб бўлган сут эмизувчи ҳайвонларнинг кенжа тури ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига ва Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг (ТМХИ) Қизил рўйхатига йўқ бўлиб кетаётган, локал тарқалган кенжа тур мақоми билан киритилган.

Ўсимликхўр бу жониворлар 27 турдан ортиқ ўсимлик билан озиқланади. Улар дарахт ва бута ўсимликлари зич ўсган дарё бўйидаги қалин тўқайзорларда яшайди. 

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассисларининг айтишича, айни пайтда Бухоро хонгуллари Амударёнинг юқори қисми (Сурхондарё вилоятида 45-50 бош) ва ўрта қисмидаги тўқайзорларда ("Қизилқум" давлат қўриқхонасида 224-232 бош), "Зарафшон" миллий табиат боғи 40 – 45 бош ҳамда Қуйи Амударё давлат биосфера резерватида 1 минг 645 бош, шунингдек, Зарафшон дарёсининг юқори қисмида сақланиб қолган.

Давлат инспекторлари йилдан-йилга камайиб бораётган ноёб Бухоро хонгулларини қонуний тўхтамга келингунча вақтинча сақлаш учун  Термиз ҳайвонот боғига жойлаштирди.

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА