French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уйда якка тартибда таълим бу инсонпарвар тизимдир
19:15 / 2025-11-15

Айни пайтда Бухоро вилоятида жисмоний, ақлий ёки руҳий нуқсонлари бўлган, шунингдек, узоқ муддат даволанишга муҳтож 607 нафар бола уйда якка тартибда таълим олмоқда. Уларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, соғлом ривожланиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун мактаб ҳамда оила ҳамкорлигида самарали ишлар олиб борилмоқда.

– Ушбу таълим шаклининг асосий мақсади болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, улар учун зарур шароит яратиш ҳамда ижтимоий мослашувни қўллаб-қувватлашдан иборатдир, – дейди Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фирдавс Хидоятов. – Бунда ўқувчиларга мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режа асосида таълим-тарбия берилади. Ўқув режасидаги ҳафталик соатлар миқдори 1-4-синфлар учун 8 соат, 5-9-синфлар учун 10 соат, 10-11 синфлар учун 12 соатни ташкил қилади. Дарс жадвали мактаб томонидан ўқувчининг соғлиғи ҳолатини инобатга олиб, ота-оналар билан келишган ҳолда ишлаб чиқилади ҳамда мактаб директори томонидан тасдиқланади. Дарс жадвали ҳафтасига камида уч кунга мослаб тузилади.

Жисмоний ривожланишида нуқсони бўлган ўқувчиларга уйда якка тартибда таълим бериш мактабнинг ўқув дастури, психик ривожланишида нуқсони бўлган ўқувчиларга уйда якка тартибда таълим бериш эса ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ўқув дастури асосида ташкил этилади. Дарс соатининг давомийлиги жисмоний ривожланишида нуқсони бўлган ўқувчилар учун 45 дақиқа, психик ривожланишида нуқсони бўлган ўқувчилар учун 40 дақиқадан иборат бўлади.

Уйда якка тартибда таълим бу соғлиғи сабабли мактабга бора олмайдиган болаларнинг таълимдан четда қолмаслигини таъминлайдиган инсонпарвар тизимдир. Ҳар бир боланинг таълим олиш ҳуқуқи давлат, ота-она ва мактабнинг ҳамкорликдаги масъулиятидир.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.