Маълум бўлишича, жорий йилнинг 22 июнь куни Мирзо Улуғбек туманидаги кўп сонли аҳоли турар уйларининг бирида истиқомат қилиб келаётган фуқаро уйнинг ичкари қисмида 2 ёшли фарзанди билан қулфланиб қолган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги, қутқарув хизмати бошқармаси ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан хонадон эшигини бузмай туриб, унинг носоз ҳолатга келган қулф қисми очилган ва ичкаридан она-бола қутқариб олинган.
— Тонгда фарзандимни оилавий шифохонага олиб бориб кўрикдан ўтказгач, уйга қайтиб келдим. Фарзандим ҳали вояга етмаганлиги боис жуда шўх, уйга киргач, у куч билан эшикни итариб ёпди. Мен фарзандимни боғчага қолдириб, ўзим ишга улгуриб боришим керак эди. Уйдан чиқаётиб эса, хонадон эшигининг қулфланиб қолганлигини кўрдим ва ҳар қанча уринмай, эшикни оча олмадим, дейди фуқаро Н.Маликова.
Фуқаро интернет сайтлари орқали эшикни бузмай туриб очиб берадиган усталарни топиб, уларга қўнғироқ қилиб кўради. Аммо усталар айтган хизмат ҳақи (200.000-300.000 сўм) дан норози бўлиб, у ўзича эшик қулфини очишга уриниб кўради, эплолмагач, қўшниларини ёрдамга чақиради. Шунда ҳам натижа бўлмагач, ФВВ ходимларининг шу ва бошқа фавқулодда ҳолатларда фуқароларга ёрдам берганликлари ҳақида телеграм канали орқали ўқиганлиги ёдига тушиб, дарҳол ташкилотнинг ишонч рақами (71-207-10-50) га қўнғироқ қилади.
Ҳодиса ҳақида қисқача маълумот олган Қидирув-қутқарув гуруҳи бошлиғи —Жаҳонгир Насиров ўз қутқарувчи йигитлари (Ҳабибуллаев Илғорбек, Маҳмудов Турсунмуҳаммад ҳамда Ҳолтурсунов Авазбек)дан ташкил топган махсус отряд билан жабрдийдалар яшаш манзилига етиб келади ва бир зумда уй ичкарисида қулфланиб қолган она-болага ёрдам берилади.
Акс ҳолда, она ишга, фарзанди боғчага кеч қолиши мумкин эди.
— “Баъзан қийин вазиятларда таҳликага тушиб қоласиз ва бундай пайтда қандай қилиб вазиятдан чиқиб кетиш мумкинлиги хаёлингизга келмайди. Аммо яхшики, юртимизда мана шу каби қутқарув хизматлари бор, улар фуқароларни ҳар қандай ҳолатда қутқариб олишга сидқидилдан ҳаракат қилишаркан. Бугун буни ўз кўзим билан кўрдим. Фурсатдан фойдаланиб, ФВВга, Тошкент шаҳар ҳокимлиги қутқарув хизмати бошқармаси ходимлари ва уларнинг раҳбариятига ўз миннатдорлигимни билдираман” дейди жабрдийда Н.Маликова.
“Биз нафақат табиий офатлар юз берганида, балки шу каби турли катта-кичик қийин вазиятларга тушиб қолишганида ҳар доим фуқароларимиз учун ёрдамга тайёрмиз. Авваламбор, шу каби ҳолатлар юз бермасин ва халқимиз хонадони тинч, ўзлари хотиржам бўлишсин”, дейди Қидирув -қутқарув гуруҳи бошлиғи — Жаҳонгир Насиров.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/WFXmH7mqZ1Q" title="Уйда қулфланиб қолган она-бола ўз вақтида қутқарилди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Моҳичеҳра Эшмирзаева, ЎзА