УЙДА ҚОЛИНГ!
Бемақсад ҳаракат – ҳам чўнтакка, ҳам саломатликка зарар
Бемақсад ҳаракат – ҳам чўнтакка, ҳам саломатликка зарар
Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида жорий йил 21 июл куни Гулистон шаҳрида ўтказилган кунлик рейд давомида кўчада бемақсад юрган, карантин қоидаларини бузган 11 нафар ҳайдовчи аниқланди. Уларнинг автомобиллари жарима майдончасига жойлаштирилди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда коронавирус инфекциясини курраи заминимиз бўйича 15 миллиондан ортиқ, мамлакатимизда эса салкам 18 минг киши юқтириб олган. Кунлик ўсиш дунё бўйича қарийб 250 мингга яқинлашди ва афсуски бу кўрсатгич республикамизда ҳам кун сайин ортиб бормоқда.
Бир неча ҳафта муқаддам кўпчилик ҳолатда ушбу касалликни хориждан чартер рейс, темир йўл, автомобиль йўллари орқали юртимизга қайтарилган ва кириб келган фуқароларда, халқаро юк ташувчи ҳайдовчиларда вирус аниқланаётган эди. Бугун эса уларнинг ўрни алмашиб, касаллик қайд этилаётганларнинг 70 фоизи аҳоли орасидан аниқланаётгани жуда ачинарли ҳол.
Шундан келиб чиқиб Республика Махсус комиссия томонидан Ўзбекистонда жорий йилнинг 10 июль кунидан 1 августига қадар бир қатор карантин чекловлари қайта амалга киритилди. Ушбу қарорга асосан эрталаб соат 7:00 дан - 10:00, кеч соат 17:00 дан 20:00 дан ташқари, кечасию кундузининг ҳар қандай вақтида транспорт воситаларининг ҳаракатланиши чекланди. Бироқ, электрон, босма оммавий ахборот воситаларида, телевидение, радиода мунтазам равишда аҳолидан уйда қолиши, кўчада бемақсад юрмасликлари сўралаётган, мунтазам равишда карантин қоидаларига риоя этиш сўралиб тарғибот тадбирлари ўтказиб келинаётганига қарамай айрим ҳайдовчилар буни тушуниб етмаяпти ёки тушинишни хоҳламаяпти.


Жорий йилнинг 21 июл куни Гулистон шаҳрида ўтказилган кунлик рейд давомида кўчада бемақсад юриб карантин қоидаларини бузган 11 нафар ҳайдовчи аниқанди. Табиийки, уларга нисбатан тегишли тартибда баённома расмийлаштирилди. Транспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилди.
Энди бу қоидабузар ҳайдовчилар белгиланган карантин қоидларини бузганликлари учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 54-моддаси 2-қисмига асосан карантин қоидаларини бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари(4 миллион 460 минг сўм)дан 30 баравари(6 миллион 690 минг сўм)гача жаримага тортилишга ўзлари сабабчи бўлди.
Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати, барча сирдарёликлардан юқоридаги каби ноқулай ҳолатларга тушиб, жарима тўлаб юрмасликлари, бу ҳам етмаганидек, шахсий транспорт воситасидан вақтинча фойдалана олмасликларини олдини олиш учун аввало уйда қолишларини, зарурат туғилиб, кўчага чиққан тақдирда ҳам карантин талабларига қатъий риоя этишларини сўрайди.
Ўзингиз, оилангиз, яқинларингиз ва бошқаларнинг ҳам саломатлигини хавф остида қолдирманг, оилавий бюджетингизга ҳам зарар келтирманг, энг яхшиси хавфсиз уйда қолиш эканини унутманг!