Озиқ-овқат хавфсизлиги, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, гўшт маҳсулотларига бўлган талабни қондиришда чорвачиликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Наманган вилоятининг Уйчи туманида ҳам айни долзарб масалага алоҳида эътибор берилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг хориж сафарларида эришган келишувлари натижасида Ахси маҳалласида фаолият кўрсатаётган “Юксалиш чорва файз” наслчилик фермер хўжалигига Мўғулистондан келтирилган “Баят” зотли 700дан зиёд наслли қўйлар ўзимизда кўпайтирилмоқда. Кластер ташкил этилиб, йил охирларида аҳолига наслли қўйларни етказиб бериш кўзланган.


“Водий кумуш парранда” масъулияти чекланган жамияти томонидан 3,7 гектар ер майдонида 1 миллион бош товуқ боқишга мўлжалланган замонавий паррандачилик фермаси барпо этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Оқтош маҳалласида яшовчи Одилжон Жўраев хусусий чорвачилик хўжалигида 50 бош зотдор қорамол парвариш қилмоқда. Бу каби янги лойиҳалар деярли ҳар бир маҳаллада бор.


Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг чорвачилик ва паррандачилик лойиҳалари билан танишуви чоғида зотли наслли қўйларни кўпайтириш, паррандачиликни ривожлантириш аҳоли бандлигини таъминлаш асносида кундалик турмуш егулиги бўлган гўштга бўлган эҳтиёжни қондиришда ҳиссаси катта эканлиги таъкидланди.
Шу билан бир қаторда, туманда ички йўллар четидаги зовурларда ўрдакчиликни йўлга қўйиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА