Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уйчи туманига янги ҳоким тайинланди
14:58 / 2025-12-29

Халқ депутатлари Наманган вилояти Уйчи тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда депутатлар, вилоят ва туман фаоллари, ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияда қатнашган Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов кейинги йилларда туманда олиб борилган ишлар, “Уйчи тажрибаси” доирасида эришилган ютуқлар асносида, ишда йўл қўйилган хато-камчиликларга урғу қаратиб, ҳудудларни ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди. 

Сессия ишида ташкилий масала кўриб чиқилиб, Депутатлар томонидан Наманган вилояти ҳокимининг Шуҳрат Мирсодиқович Мусаевни Уйчи тумани ҳокими лавозимидан озод этиш ва туман Кенгашининг депутатлик ваколатини муддатидан олдин соқит қилиш ҳамда Музаффар Абдуғаниевич Абдуллаевни Уйчи тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарори бир овоздан маъқулланди. 

Музаффар Абдуллаев 1984 йил 5 сентябрда Наманган вилояти Уйчи туманида туғилган. 2006 йили Наманган давлат университети иқтисодиёт факультети, 2009 йили эса мазкур олийгоҳнинг магистратура бўлимини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2007 йили Наманган вилояти молия бошқармасида бошлиқ ёрдамчилигидан бошлаган. 

Кейинги йилларда у вилоят молия бошқармаси, Республика Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларини моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси, Наманган шаҳар молия бўлими, Наманган шаҳар ҳокимлиги – инвестициялар ва ташқи савдо бўлими, вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасида турли масъул ва раҳбарлик вазифаларда иш олиб борган. 

Музаффар Абдуллаев янги тайинловга қадар Наманган вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.