French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уйчи туманида кўргазмали семинар
06:50 / 2025-07-25

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ташаббуси билан Наманган вилояти Уйчи туманида “Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини намунали ташкил этишнинг устувор йўналишлари: муаммо ва ечимлар” мавзусида халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари учун кўргазмали семинар ўтказилди.

Унда Олий Мажлиси Сенатининг бўлим мудири Абдурашид Алтиев, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари раислари, депутатлик гуруҳи раҳбарлари,  шаҳар ва туман Кенгашларининг котибият мудирлари, сиёсий партияларнинг ҳудудий бўлимлари раислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, онлайн платформа орқали Сенатнинг Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази масъул ходимлари иштирок этди.

Семинар  қатнашчилари даставвал, халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгаши котибияти, доимий комиссиялар фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Туман Кенгаши котибияти хоналари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини намунали ташкил этиш мезонлари асосида жиҳозланиб, меъёрий ҳужжатлар тайёрланди. Кенгаш раиси, котибият мудири, мутахассислар, доимий комиссиялар ҳамда медиа марказ хоналари замонавий техникалар билан жиҳозланди.

Туман ҳокимлигининг мажлислар залида бўлиб ўтган семинарда Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Одилжон Маматкаримов, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши раиси Солижон Мўминов парламент юқори палатаси Кенгашининг  тегишли қарорига асосан Наманган вилояти бўйича халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгаши фаолияти намунали йўлга қўйиладиган Кенгашлар рўйхатига киритилгани ва бу борада туманда ижобий ишлар амалга оширилганини эътироф этди.

Халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари раислари ўз иш фаолиятини ташкил этиш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Депутатлар ва доимий комиссиялар орасида ташаббускорлиги ва фаоллиги билан ажралиб турган халқ ноиблари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Тадбир иштирокчилари “18-Гулзор” сайлов округидан туман Кенгаши депутати Авазбек Насриддиновнинг “маҳалла еттилиги” билан ўзаро ҳамкорликдаги намунали иш фаолияти билан яқиндан танишдилар. Маҳаллада кейинги йилларда жиноятчилик, оилавий ажримларнинг йўқлиги, инфратузилма яхшилангани, аҳоли мурожаатларини ҳал қилишда тизимли иш олиб борилаётганлиги алоҳида қайд этилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА