Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уйчи тумани экспорт режаси бажарилмади
11:04 / 2020-12-18

Республикамизнинг барча ҳудудларида Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари сессиялари бўлиб ўтмоқда. Унда ҳокимлар халққа мурожаат билан чиқиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш таҳлили, келгусида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича ҳисобот бермоқда.

Халқ депутатлари Наманган вилояти Уйчи тумани Кенгаши сессияда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов айни масалалар юзасидан халқ вакилларига ҳисобот берди.

Қайд этилишича, ўтган даврда иқтисодиёт тармоқлари, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари узлуксиз ишлашини таъминлаш, фаолиятини вақтинча тўхтатган корхоналар фаолиятини тўлиқ тиклаш, бюджетга тушумлар миқдорини кўпайтириш ва бу орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 670,9 миллиард, халқ истеъмоли моллари 283,2 миллиард, қурилиш ишлари 419,4 миллиард, чакана савдо айланмаси 429,9 миллиард ва хизматлар ҳажми 401 миллиард сўмни ташкил қилиб, барча кўрсаткичларда ўсишга эришилган.

Пандемия муносабати билан туманда фаолият кўрсатаётган 1 минг 682 та корхонанинг 648 таси фаолиятини вақтинча тўхтатиб, 321 таси 15 фоиз кам қувватда ишлай бошлаганди. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида 11 та корхонага 406 миллион сўмлик имтиёз ва преференциялар берилди. Натижада ушбу корхоналар фаолияти тикланди.

Туманда янгидан ташкил этилган 491 та кичик бизнес субъекти ҳисобидан бюджетга жами 713 миллион сўмдан ортиқ миқдорда тушум туширилиб, қўшимча 781 та янги иш ўрни яратилди. Жорий йил якунига қадар қўшимча 29 та кичик бизнес субъекти давлат рўйхатидан ўтказилиб, 520 тага етказиш режалаштирилган.

Ҳозирги кунда умумий қиймати 525,3 миллиард сўмлик 111 та лойиҳа ишга туширилди. Бунинг натижасида 1 минг 293 та янги иш ўрни яратилди.

2020 йилда аҳоли тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган дастурлар доирасида 3 минг 309 нафар фуқаро ва тадбиркорга жами 78,7 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Йил якунига қадар қўшимча 2,3 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилади. Жорий йилда 670 та ҳунарманд “Ҳунармандлар уюшмаси”га аъзо бўлиб, уларда 393 та (уста-шогирд асосида) иш ўрни яратилди.

Туманнинг 2020 йил учун экспорт режаси 31,8 миллион доллар қийматда белгиланган. Аммо экспортёрлар томонидан январь-декабрь ойларида режа 61,2 фоиз, яъни 19 миллион 502 минг долларга бажарилди.

2020 йил 1 январь ҳолатига аҳолининг 82,3 фоизи марказлашган ичимлик суви, қолган 46 минг нафари алтернатив манбалар орқали ичимлик суви билан таъминланади. Туманда 2 та сув олиш ва сақлаш иншооти мавжуд бўлиб, шундан “Наманган сув таъминот” МЧЖ Уйчи тумани бўлими тасарруфида 6 та ичимлик сув олиш ва сақлаш иншооти бор. 2020 йилда 1 миллиард 300 миллион сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жами 26 километр янги ичимлик сув тармоқлари тортилди. Натижада туман аҳолисининг 90,2 фоизи ичимлик суви билан тўлиқ таъминланди.

Пастгузар маҳалласи ҳудудида лойиҳа қиймати 14 миллиард 800 миллион сўмлик 4 та 4 қаватли, жами 96 та хонадонга мўлжалланган арзон турар-жой қурилди. Мазкур уйлардан 29 таси оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилага, 2 таси чин етимга, 2 таси Ёшлар иттифоқи вакилларига, 21 таси меҳнат мигрантларига топширилди.

Тумандаги оилаларнинг яшаш шароити тўлиқ ўрганиб чиқилиб, эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож 2 минг 415 оила “Темир дафтар”га киритилди.

Сессияда депутатлар томонидан бир қатор масалалар, хусусан, бир қатор мактабгача таълим муассасалари, мактабларнинг ҳолати қониқарли эмаслиги, ичимлик суви муаммоси, таъмирга муҳтож инфратузилма объектлари, ички йўллар ҳолати юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Сессиядан кейин журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА