ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Уйчи туманини ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш чоғида Исломобод маҳалласи ҳудудидаги “Уйчи nuts” МЧЖда бўлди.
Мазкур жамиятда Хитойдан олиб келинадиган ёнғоқнинг мағзи касаначилик асосида қайта ишланади. Жорий йилнинг ўтган даврида жамият томонидан 700 минг АҚШ долларлик маҳсулот Туркия давлатига экспорт қилинди. Эътиборлиси, маҳсулот асосан қўл меҳнати билан тайёрлангани боис, хотин-қизлар ўз хонадонларида даромад топиш имкониятига эга бўлмоқда.
Туманда томорқадан самарали фойдаланиш борасидаги ишлар ҳам кўздан кечирилди.
[gallery-18432]
3-сектор ҳудудидаги “Соку” МФЙда 3127 нафар аҳоли истиқомат қилади. 824 хонадоннинг деярли барчасида томорқачилик яхши йўлга қўйилган.
Вилоят раҳбари туманининг Бўёғон маҳалласида саноат ривожини ўрганди.
Маҳаллада 16 та тикувчилик, 2 та мебелчилик, 4 та дурадгорчилик цехлари, 2 та паррандачилик, 6 та чорвачилик комплекси, шунингдек, пазандачилик, гулчилик йўналишида тадбиркорлар фаолият олиб бормоқда. Хатловда 87 нафар мигрант аниқланган эди. Ҳозирда улардан 43 нафари юртга қайтиб, бандлиги таъминланди.
Ҳудуддаги “Бўёғон чеварлари” МЧЖ, ЯТТ Нозимжон Ҳотамовга қарашли оилавий тикувчилик цехларида бугунги кунда қирққа яқин хотин-қизнинг бандлиги таъминланган. Улар трикотаж маҳсулотлари, мавсумий кийимлар тикиб, маҳаллий бозорга етказиб бермоқда.
Вилоят ҳокими мазкур тикув цехлари фаолияти билан танишди. Шу ернинг ўзида маҳалла еттилиги билан суҳбатлашиб, мигрантларни қайтариш ва уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, у тадбиркорлар фаолиятини ўрганди, наслчиликни ривожлантириш истиқболда яхши самара беришини таъкидлади.
“Маҳалла ифтихори” лойиҳаси доирасида Муборак маҳалласида яшовчи Давлатали Давронов хонадонида ҳам учрашув бўлиб ўтди. Таъкидлаш жоиз, ушбу оила фарзанди Асадбек Урунов яқинда «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА