Термиз шаҳридаги кўп қаватли уй-жойларга бошқарув сервис компаниялари хизмат кўрсатишни бошлайди.
Жорий йилда Сурхондарё вилоятида инвестиция дастури доирасида 10 та ҳамда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига мувофиқ 30 та лойиҳа амалга оширилади. 112 минг 609 нафар аҳолининг ичимлик сув, 19 минг 239 аҳолининг оқова сув таъминоти тубдан яхшиланади. Бунинг учун марказлашган манбалар ҳисобидан 153,87 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 653,5 километр ичимлик сув, 5,5 километр оқова сув тармоқлари тортилади. 59 та ичимлик сув ва битта оқова сув тозалаш иншооти қурилади.
Термиз шаҳридаги Матбуот уйида Сурхондарё вилояти уй-жой коммунал хизмати кўрсатиш бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз борди. Маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этган тадбирда вилоят уй-жой коммунал хизмати кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Панжи Тангриев ҳудудда ўтган йили амалга оширилган ишлар ва янги йилдаги режалар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Қайд этилдики, Президентимизнинг 2017 йил 24 апрелдаги “2017 – 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга мувофиқ якунланган йилда вилоятда таъмирга муҳтож 153 та кўп қаватли уй таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилди. Республика бюджети ҳисобидан 4,3 миллиард сўм ва “Кўп қаватли уйларни таъмирлаш” жамғармаси маблағидан 1,1 миллиард сўм ажратилиб, 16 та кўп қаватли уйнинг том қисми, 8 та уйнинг ички муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, 6 та уйнинг фасад қисми таъмирланди. 68 та болалар майдончаси қурилиб, 20 минг квадрат-метр тротуар бетон қоришмаси билан қопланди. 201 та ёритиш чироғи ўрнатилиб, 3,8 минг погон-метр ирригация тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 июндаги “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги қарори асосида кўп хонадонли уйларни мукаммал ва жорий таъмирлаш чора-тадбирларини амалга ошириш учун воҳада биринчи ва иккинчи босқичларга ажратилган 1 миллиард 972 миллион сўм маблағ эвазига 17 та кўп қаватли уйнинг том қисми мукаммал таъмирланди. 17 та кўп қаватли уйнинг том қисмини таъмирлаш учун учинчи босқичда ажратилган 1 миллиард 300 миллион сўмлик объектларнинг тендер савдолари ўтказилмоқда.
—Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш учун ўтган йили Термиз шаҳридаги Ўзбекистон, Боғишамол, Гулистон, Гулираъно, Алпомиш ва Каттабоғ маҳаллаларидаги 109 та кўп қаватли уй жойларни қамраб олган 8 та ширкат мақбуллаштирилиб, битта “Сарвар Термиз Сервис” бошқарув сервис компанияси ташкил этилди,—дейди вилоят уй-жой коммунал хизмати кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Панжи Тангриев.
– Ҳозир мазкур компания нафақат кўп-қаватли уй-жойлар, балки ҳудуддаги бошқа субъектларга ҳам хизмат кўрсатишни йўлга қўйди. Бошқарув ташкилотида 24 соат туну-кун ишлайдиган авария диспетчерлик хизмати ташкил этилган бўлиб, аҳоли мурожаатлари жойида ҳал этилмоқда. Бу кўп қаватли уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектларининг қишки мавсумни беталофат ўтказишида муҳим ўрин тутмоқда. Илгари ширкатларда раҳбарнинг ўзи фаолият юритган бўлса, бошқарув компаниясида 45 ишчи-ходим хизмат кўрсатмоқда. Жорий йилда воҳа марказидаги уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўрнини тўлиқ бошқарув сервис компаниялари эгаллади.
Матбуот анжумани иштирокчилари янги йилда амалга ошириладиган кенг қамровли ишлар, ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш каби масалалар юзасидан белгилаб олинган чора-тадбирлар хусусида ҳам етарли маълумотга эга бўлди. Журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА