Конституцияга кўра, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас.
Шунингдек, мамлакат ҳудудида иқтисодий макон бирлигининг, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағлар эркин ҳаракатланишининг кафолати Бош қомусимизда мустаҳкамланди.
2024 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун Конституциядан келиб чиқадиган вазифалар ижроси доирасида ишлаб чиқилган.
– Қонун билан Уй-жой ва Шаҳарсозлик кодекслари, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, – дейди Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Қобил Турсунов. – Жумладан, Уй-жой кодексида турар жойларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, уларни қайта қуриш ёки бузиш шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши белгиланди.
Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши ҳам Уй-жой кодексига янги норма сифатида киритилди.
Шаҳарсозлик кодексига сел ва кўчки хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш ҳамда қуришда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш тақиқланиши белгиланган янги норма киритилди.
Ушбу норма сел ва кўчки билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, аҳоли ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш, кўриладиган иқтисодий зарар миқдорини камайтириш мақсадида киритилди.
Маълумки, иқлим ўзгариши оқибатида йилдан-йилга сел келиши ва кўчки билан боғлиқ хавфли жараёнлар тобора фаоллашиб бормоқда. Шунга қарамасдан, сел ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудларда уй-жой қурилиши билан боғлиқ ҳолатлар давом этмоқда.
Сел йўллари ва кўчки хавфи юқори бўлган ҳудудларда бино ва иншоотларнинг қурилиши оқибатида сел ва кўчки ҳодисалари инсонлар ўлимига ва сезиларли иқтисодий зарарларга олиб келмоқда.
Мисол учун, 2022 йилда Қамчиқ довонида қурилган “Кавсар” ошхонасига кўчки тушиши оқибатида 2 нафар фуқаро, Жиззах вилояти Фориш тумани “Эгизбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида сел келиши оқибатида 5 нафар фуқаро вафот этган, 6 нафар фуқаро жабрланган. Сел келган йўлга қурилган 22 хонадонга 43 миллиард 701 миллион сўм миқдорида моддий зарар етган.
2023 йилда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Эртош қишлоғи ҳудудида тош кўчиши натижасида 3 нафар фуқаро жароҳат олган бўлса, 1 нафар фуқаро вафот этган. Шунингдек, сел келиши натижасида Жиззах, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида 13 хонадонга зарар етган.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Хавфли жараёнларни кузатиш маркази ва Гидрометеорология хизмати агентлигининг маълумотларига кўра, 2022 йилда хавфли ҳудудлардан кўчирилган 21 хўжаликка 1 миллиард 110 миллион сўм миқдорида компенсация маблағлари тўлаб берилган. 2023 йилда 14 хўжаликка турар жой қуриш учун жами 43 миллиард сўмдан ортиқ компенсация пуллари ҳамда 1,8 гектар ер майдони ажратилган.
Қонун билан “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектлари товарлари, хизматлари, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларининг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши, шунингдек, ҳудудий принцип бўйича эркин ҳаракатланишини чеклашга, тўхтатиб туришга ва тақиқлашга йўл қўйилмаслиги белгиланган норма киритилди.
Шу билан бирга, амалга оширилган маъмурий ислоҳотларга мувофиқ “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Қонун хусусий мулкнинг ва мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши кафолатларини кучайтиришга, тадбиркорлик фаолиятини эркин амалга ошириш учун қўшимча кафолатлар ҳамда шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади. Шунингдек, қонун асосида шаҳарсозлик объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш чоғида табиий офатлар хавфи юзага келиши мумкинлиги ҳамда иқлим ўзгариши ҳисобга олиниши таъминланади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА