Мамлакатимизда уй-жой олди-сотди шартномалари умумий сони ўтган йилнинг ноябрь ойига нисбатан 13,2 фоизга ошиб, 25 мингта битимни ташкил этди. Йиллик ҳисобда энг юқори ўсиш Бухоро, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида қайд этилди.
Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг ноябрь ойи учун Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозорида юз берган ўзгаришлар таҳлилида қайд этилган.
Мамлакат бўйича уй-жой билан боғлиқ барча битимларнинг тахминан 30 фоизи пойтахт бозори ҳиссасига тўғри келади. Ноябрь ойида Тошкент шаҳрида уй-жой савдоси ҳажми йиллик ҳисобда 8,8 фоизга ошди.
Республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида йиллик ҳисобда нархларнинг ўртача 7 фоиз атрофида мўътадил ўсиши кузатилди.
Нархлар ўсишининг энг юқори суръатлари Сурхондарё, Жиззах ва Наманган вилоятларида қайд этилди. Ушбу ҳудудларда нархлар ўртача ҳисобда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан тахминан 17 фоизга ошди.
Йиллик ҳисобда Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойнинг ўртача нархи 0,9 фоизга пасайган, бирламчи бозорда эса, аксинча, нархлар 4 фоизга ўсган. Иккиламчи уй-жой нархларининг пасайиши энг кўп Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларида кузатилиб, ушбу ҳудудларда ўртача пасайиш тахминан 5 фоизни ташкил этди.
Пойтахтдаги бирламчи уй-жой бозорида эса нархларнинг энг юқори ўсиши Яккасарой, Миробод ва Мирзо Улуғбек туманларида қайд этилди. Ушбу туманларда нархлар ўртача ҳисобда тахминан 9 фоизга ошди.
Ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи бир квадрат метр учун 8,7 долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 фоизга юқори.
Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 11 доллар.
Шунингдек, ижара нархларининг ўсиши Мирзо Улуғбек, Миробод ва Бектемир туманларида ҳам кузатилиб, мазкур ҳудудларда йиллик ҳисобда ўртача 8 фоиз атрофида ошиш қайд этилди.
М.Қосимова тайёрлади, ЎзА