Ўзбекистонда уй-жой қурилиши ва шаҳарсозлик сиёсати янги босқичга кўтарилмоқда
Жорий йилнинг 18 ноябрида “Ўзбекистон Республикасида уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Ушбу фармон мамлакатда уй-жой бозорини барқарор, шаффоф ва узоқни кўзлаб ривожлантиришга қаратилган туб ислоҳотларни бошлаб берди. Энг муҳими — ушбу фармон билан Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш Миллий қўмитасининг ташкил этилиши соҳадаги бошқарувни марказлаштириб, янги стратегик ёндашувларни амалга оширишга замин яратади.
Ушбу ҳужжат уй-жой соҳасидаги тизимли муаммоларни бартараф этиш, замонавий шаҳарсозлик стандартларини жорий этиш ва аҳоли эҳтиёжларига мос бозор механизмларини шакллантиришни назарда тутади.
Фармонга кўра, уй-жой соҳасини барқарор ривожлантириш бўйича қатор стратегик вазифалар белгиланди. “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш ишларини изчил давом эттирган ҳолда уй-жой фондида замонавий хонадонлар улушини 2040 йилгача 50 фоизга етказиш, уй-жой қурилиши соҳасини “Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли” тамойили асосида комплекс ислоҳ қилиш вазифаси белгиланган. Шу билан бирга, қуриб битказилмаган уй-жойларни биринчи навбатда қурилишга жалб этиш ва жойлардаги муаммоли объектлар билан боғлиқ ноаниқликларни бартараф этиш, уй-жойлар инфратузилмаси қурилишдан олдин шакллантирилиши, экологик тоза материаллардан фойдаланилиши ва барча лойиҳалар очиқ, батафсил режалаштирилган ҳолда амалга оширилиши вазифаси белгиланган.
Бу талаблар қурилиш соҳасида оқилона режалаштириш, шаффофлик ва узлуксизликни таъминлашга қаратилган. Фармон уй-жой қурилишини узоқни кўзлаб, тўлиқ инфратузилмага эга ҳолда ташкил этишни белгилайди. Мазкур ёндашув доирасида, қурилиш дастурлари фақат очиқ ва аниқ ишлаб чиқилган режалар асосида тайёрланади. Лойиҳалар ҳудудларнинг келгусидаги ижтимоий эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Йўл, боғча, мактаб ва коммуникация тармоқлари уйдан кейин эмас, балки уй қурилишидан олдин барпо этилади.
Бу амалиёт уй-жой соҳасидаги эски “аввал уй – кейин инфратузилма” тизимини батамом бартараф этади.
Фармон билан ушбу соҳадаги сиёсатни ягона марказда мувофиқлаштирувчи Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ташкил этилди. Миллий қўмитанинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат.
Урбанизация жараёнларини мувофиқлаштириш ва бошқариш, уй-жой ва ипотека соҳасида самарали давлат сиёсатини ишлаб чиқиш, реновация дастурларини амалга ошириш ва назорат қилиш, “Янги Ўзбекистон” массивларини қуришда қонунчилик мезонлари ва урбанизация тамойилларига риоя этилишини таъминлашдан иборат. Шу тариқа, шаҳарсозлик, уй-жой қурилиши ва ипотека сиёсати ягона давлат органи орқали бошқариладиган ягона тизимга айлантирилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, қабул қилинган фармон мамлакатда уй-жой қурилиши ва урбанизация соҳасини мутлақо янги босқичга олиб чиқади. Комплекс қурилиш тамойилининг жорий этилиши, қурилиши тугалланмаган объектларни фаол айланмага қайтариш, инфратузилманинг олдиндан барпо қилиниши ва Миллий қўмитанинг ташкил этилиши — уй-жой бозорини барқарор ва прогнозли ривожлантиришга хизмат қилади.
Узоқ муддатда бу ислоҳотлар аҳоли учун қулай, инфратузилмаси йўлга қўйилган, экологик хавфсиз ва замонавий уй-жойлар таклифини сезиларли ошириши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА