Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уй-жой ва имтиёзли ипотека сиёсатида янги босқич
18:28 / 2026-01-09

Хонадон бу – тўрт девор ва томдан анчайин катта тушунча. У иссиқ-совуқдан, ёмғиру шамолдан паноҳ этгувчи, бемалол оёқ узатиб ётадиган, ўзингни эркин ҳис қиладиган, хавфдан холи ҳудуд, руҳинг ором топадиган, болаларингни тарбиялайдиган, оилангни шакллантирадиган, қадриятлар яратадиган масканингдир.

Бугунги кунда уй-жой масаласи бир қатор ривожланган мамлакатларда ҳам жуда кескин бўлиб турибди. Уй-жой ўрта синф ва ёшлар учун тобора қўл етмас бўлиб бормоқда. Сабаби – урбанлашиш ва иш ўринларининг марказлашуви, қурилиш суръатининг талабдан пастлиги, инвестициявий ва спекулятив тураржойлар, ипотека фоизларининг ўсиши, тураржой сиёсатида давлат иштирокининг сустлиги. Шу боис, Ўзбекистон сингари мамлакатлар бу соҳада драйверлик ролини ўз қўлига олмоқда ва ижтимоий ва оммавий қурилишга катта аҳамият бермоқда.

2024-2025 йиллардаги қадамлар ижтимоий уй-жой ва имтиёзли ипотека сиёсатига янги импульс берди.

Тегишли ҳужжатлар билан ипотека кредитлари орқали уй билан таъминлашни бозор принципларида жадал ривожлантириш ва аҳолининг уй шароитларини яхшилаш, уй-жой ва ипотека бозорини янада кенгайтириш, кредит ресурсларини ошириш, субсидияларни кўпайтириш чоралари, “Яшил” уйлар стандартларини жорий этиш, ипотека кредитларини молиялаштириш манбалари белгилаб берилди. Ижтимоий эҳтиёждаги фуқаролар учун махсус квоталар берилди, кредитлашнинг замонавий механизмлари жорий этилди, кўп қаватли уйлар қурилиши орқали шаҳар агломерациялари ривожлантирилди.

Янги қўллаб-қувватлаш чоралари даромади паст оилаларнинг бошланғич тўлов ва кредит фоизларини тўлашдаги қийинчиликларни бартараф этишга қаратилди. Масалан, давлат квартира хариди учун зарур бўлган маблағнинг бир қисмини қоплаб, дастлабки молиявий юкни енгиллаштириш масъулиятини ўз зиммасига олди. Кредит фоизларининг маълум қисми бюджет ҳисобидан қопланиб, ойлик тўловларни аҳоли учун кўтариш мумкин бўлган даражага туширди. Кам таъминланган оилалар уй-жой ва ипотека субсидиялари олувчилари рўйхатига биринчи навбатда киритила бошланди. 20 йилгача бўлган муддат тўлов юкини вақт бўйича тақсимлаш ва турмуш даражасининг кескин пасайиб кетишининг олдини олиш имконини беради.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, республикамизда айрим оилаларнинг уйли бўлиши учун ҳатто имтиёзли ипотека ҳам етарли эмас экан. Уни бартараф этиш учун ижтимоий ва ижара уй-жой тизими ривожлантирилмоқда. Бунда квартиралар имтиёзли ижара тўлови асосида тақдим этилади, кейинчалик уй-жойни сотиб олиши мумкин, болали оилаларга, ёлғиз ота-оналарга ва оғир ҳаётий вазиятдаги фуқароларга устуворлик берилади. Шу тариқа давлат уй-жой масаласини ҳал этишнинг битта эмас, бир нечта йўлини таклиф қилмоқда. 

Ўзбекистоннинг уй-жой дастурида меҳнат муҳожирлари йиллар давомида хорижда ишлаб, ватанидан уй-жой сотиб олиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар эътибордан четда қолмаган. 

Меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлаш чоралари хорижда олинган даромадлар тўлов қобилиятини баҳолашда ҳисобга олина бошлади. Ватанга қайтиб, расмий ишга жойлашган муҳожирлар бошқа фуқаролар билан тенг равишда субсидия олиш ҳуқуқига эга бўлди. Вақтинчалик яшаш шароити яратилиб, кейинчалик уйни сотиб олиш имконияти берилди.

Бу чоралар нафақат уй-жой муаммосини ҳал этишга, балки меҳнат ресурсларининг мамлакатга қайтишини рағбатлантирмоқда. Бундай имтиёзлар оила институтини мустаҳкамлаш, барқарор ўрта синфни шакллантириш, давлат институтларига бўлган ишончни орттиришда катта ижтимоий самара келтирмоқда.

Ўзбекистоннинг замонавий уй-жой сиёсати формал ёндашувдан воз кечаётганини кўрсатмоқда. Универсал ечимлар ўрнига, инсоннинг ҳақиқий имкониятларини ҳисобга олган манзилли қўллаб-қувватлаш жорий этилмоқда.

Ўзбекистон 2040 йилга қадар ҳар йили қуриладиган уй-жойлар сонини икки баравар ошириб 421 мингтага етказиш, ипотека кредитлари портфелини эса 56,7 миллиард АҚШ долларигача кўпайтиришни мўлжалламоқда. Жумладан, йирик агломерацияларни қўллаб-қувватлаш, урбанизация жараёнларини уйғунлаштириш, улушли қурилишда иштирок этаётган жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда “Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли” тамойилини жорий этиш назарда тутилган. Бу шаҳарларни ривожлантириш ва уй-жой қурилишининг янги тамойили бўлиб, у ҳудудни лойиҳалаштиришдан тортиб унинг барча инфратузилмаси (йўллар, мактаб, боғчалар, шифохоналар, энергия таъминоти) билан бирга тўлиқ қуриб битказиш ва фойдаланишга топширишни ўз ичига олади. Бу тамойил уй-жой қурилишида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини кучайтириб, улушдорлар (олувчилар) ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, экологик ва замонавий технологиялардан фойдаланишни назарда тутади. 

Шу билан бирга, ижтимоий ва имтиёзли ипотека дастурларининг кенгайиши уй-жой бозорида айрим хавфларни ҳам келтириб чиқаришини инкор этиб бўлмайди. Субсидия ва имтиёзлар айрим ҳолларда аҳоли учун реал енгиллик эмас, балки бозор нархларига “ютилиб кетувчи” омилга айланиб қолиши мумкин. Бу ҳолат уй-жой сиёсати доимий мониторинг ва бозор мувозанатини сақлаш механизмларини талаб этишини кўрсатади.

2040 йилга қадар уй-жой қурилиши ҳажмларини кескин ошириш ва ипотека портфелини кенгайтириш режалари стратегик жиҳатдан тўғри бўлса-да, улар давлат бюджети ва молия тизимига тушадиган узоқ муддатли юкни ҳам инобатга олишни талаб қилади. Макроиқтисодий барқарорлик, инфляция даражаси ва банк тизимининг таваккалчиликлари етарлича назорат қилинмаса, ижтимоий мақсадлар молиявий босимга айланиб қолиши мумкин. Шу боис уй-жой сиёсати иқтисодий реалликлар билан уйғун ҳолда, эҳтиёткор ва босқичма-босқич амалга оширилиши муҳим аҳамиятга эга.

Асқар Ҳайдаров,

иқтисодчи журналист