Ҳуқуқий муносабат
Бу ҳолатда солиқ тўланмайди. Аммо истисно ҳолат ҳам мавжуд!
Бу ҳақда Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев қуйидагича тушунча берди:
–Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 378-моддаси 7-бандида солиқ солинмайдиган даромадлар келтирилган. Улар орасида солиқ тўловчиларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни сотишдан олинган даромадлар мавжуд. Яъни, улар сотилган тақдирда солиқ ундирилмайди. Истисно томони шундаки, ўттиз олти календар ойдан кам муддатда солиқ тўловчининг мулкида бўлган турар жойлар сотилганда солиқ тўлови ундирилади.
Ушбу норманинг мазмуни шундан иборатки, уй-жой камида 36 ой, яъни 3 йил сизнинг номингизда бўлиши керак. Шундагина уйни сотишдан олинган даромад учун сиз даромад солиғидан озод бўласиз.
Жумладан, 2025 йил 1 декабрда уй сотиб олдингиз. Ушбу уйни 2028 йил 1 декабрдан кейин сотган тақдирингизда сиз даромад солиғи тўламайсиз. Агар уйни, масалан 2027 йил 10 майда сотсангиз, бу 36 ойдан кам муддат бўлгани сабабли сиздан даромад солиғи ундирилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА