Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уй-жой сотиб олишдаги маблағлар ҳимояси кучайтирилади
16:13 / 2025-12-19

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси томонидан фуқароларнинг уй-жой қурилишига жалб этилган маблағларини кафолатли ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан эшитув ўтказилди.

Эшитувда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Марказий банк мутасаддилари, тадбиркорлар иштирок этди. Йиғилишда фуқароларнинг уй-жой қурилишига жалб этилган маблағларини кафолатли ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда келгусида режалаштирилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда қурилиш соҳасида бир қатор ислоҳотлар, шаффофликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ипотека кредити шартлари соддалаштирилиб, уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар ажратилмоқда.  

Эшитувда айтиб ўтилганидек, кўп квартирали уйлардан хонадон сотиб олишда аҳоли маблағлари ҳимоясини кафолатлайдиган, ҳисоб-китоблар махсус очиладиган банк ҳисобварағи орқали амалга ошириладиган тизим ишга туширилиши кутилмоқда. Бу бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва жамоатчилик муҳокамасига қўйиш учун тайёрланмоқда.  

Қайд этилганидек, ушбу тизим фуқароларнинг уй-жой қурилиши учун ажратадиган маблағларининг кафолатли ҳимоя қилинишини кучайтириб, аҳолининг уй-жой сотиб олишда дуч келадиган айрим муаммоларига самарали ечим бўлади.

Муҳокамаларда ушбу қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш жараёнини тезлаштириш, лойиҳанинг соҳага таъсирини чуқурроқ ўрганиш ҳамда лойиҳа юзасидан жамоатчилик муҳокамаси давомида билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазаларни синчковлик билан ўрганиб чиқиб, уларни лойиҳада акс эттириш бўйича вазирлик ва идораларга тегишли тавсиялар берилди.  

Шунингдек, қурувчи ташкилотлар билан тузиладиган шартномаларда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, соҳада рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни атрофлича ўрганиб чиқиш ва самарали ечим бериш юзасидан қатор таклифлар илгари сурилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА