Уй-жой қуриш учун "Гаистонтепа" тарихий обидасига 80 миллиард сўмлик зарар етказилган
Маданий мерос агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида маҳаллий аҳоли "Гаистонтепа" археологик ёдгорлигини вайрон қилган.
Текширувлар давомида мутасаддилар томонидан мазкур ҳудудда фуқароларга турар-жой бинолари қуришга рухсат берилгани маълум бўлди.
Жумладан, вилоят кадастр ва қурилиш бошқармаси бошлиқлари томонидан ёдгорлик ҳужжатлари ер участкалари беришни кўриб чиқиш комиссиясига қонунга хилоф равишда топширилиб, уй қуриш учун ҳудуд ажратилган.
Натижада «Гаистонтепа» археология ёдгорлиги 2020-2021 йиллар давомида фуқаро З.М. томонидан бузиб ташланиб, ўрнига уй-жой қурилган ва тарихий объектга 80 млрд. сўм жиддий зарар етказилган.
Текширувларга кўра,ҳозирда жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ш. Маматуропова, ЎзА