Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари ўринбосари Равшана Умарова 2025 йилда ипотека ва уй-жой дастурларини молиялаштириш ҳамда ҳисобини юритиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 февралдаги фармонига мувофиқ, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича асосий параметрлар тасдиқланган.
Жумладан, ҳудудларда жами 8,1 миллион квадрат метрдан иборат 135 мингта хонадонли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган. Бунинг учун уй-жой ва ипотека бозорини молиявий ресурслар билан таъминлаш мақсадида 20,9 триллион сўм ипотека кредитлари ажратиш белгиланган.
Шу билан бирга, ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сони 1,5 бараварга оширилиб, мазкур мақсадларга давлат бюджетидан 2,5 триллион сўм йўналтирилган. Уй-жойга муҳтож, даромади паст бўлган 30 минг нафар фуқарога субсидиялар ажратилиши кўзда тутилган.
Равшана Умарованинг қайд этишича, амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича 30 мингдан зиёд хонадон фойдаланишга топширилди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 2,1 бараварга кўпдир.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” массивларида 6 минг 963 та хонадон қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилди.
Ушбу массивларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш учун давлат бюджети ҳисобидан умумий қиймати 624 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шу жумладан, автомобиль йўллари қурилиши учун 112 миллиард сўм, ичимлик ва оқова сув таъминоти учун 280 миллиард сўм, иссиқлик таъминоти учун 160 миллиард сўм ҳамда электр таъминоти учун 70 миллиард сўм ажратилган.
Аҳолига уй-жой сотиб олишда ёрдам бериш мақсадида 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида тижорат банклари томонидан 31 минг 589 нафар фуқарога жами 9 триллион 437 миллиард сўм ипотека кредитлари ажратилди.
– Ушбу маблағларнинг 6 триллион 389 миллиард сўми 22 минг 110 нафар фуқарога республика бюджети маблағлари ҳисобидан, 2 триллион 253 миллиард сўми 5 минг 990 нафар фуқарога тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан, 794 миллиард сўми эса 3 минг 489 нафар фуқарога Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маблағлари ҳисобидан ажратилди, – деди у.
Шунингдек, 2025 йилда тижорат банклари маблағи ҳисобидан 22 минг 362 нафар фуқарога берилган 6 триллион 515 миллиард сўмлик ипотека кредитлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайта молиялаштирилди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 бараварга ошган.
Субсидиялар масаласига тўхталганда, 2025 йилнинг олти ойи давомида жами 75 минг 271 нафар фуқарога 938 миллиард сўмлик субсидия маблағлари тўлаб берилди. Ушбу маблағлар доирасида 9 минг 295 нафар фуқарога 278,9 миллиард сўм миқдорида бошланғич бадал учун тўлов қилинди. Шунингдек, 2020–2024 йилларда субсидия асосида ипотека кредити олган 65 минг 976 нафар фуқарога фоиз харажатларини қоплаш мақсадида 660 миллиард сўмлик субсидиялар берилди.
Брифингда таъкидланишича, 2025 йилда берилган ва амалда бўлган субсидия хабарномалари бўйича тўловлар ҳам давом этмоқда. Жорий йилнинг 10 июль куни соат 9:00дан бошлаб фойдаланилмаган хабарномалар ҳисобига субсидиялар бўйича аризаларни қабул қилиш бошланди. Ҳозирга қадар 66 мингдан зиёд ариза келиб тушган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА