Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уй-жой нархлари бўйича энг юқори ўсиш суръатлари Фарғонада қайд этилди – Эксперт
16:07 / 2022-02-15

Экспертларнинг фикрича, мамлакатимизда январь ойининг бошида ва ёз ойларининг ўрталарида уй-жойга бўлган талаб анъанавий равишда камаяди. Бу пайтда кўчмас мулк сотиб олиш орқали харидорлар пулни тежашлари мумкин.

Шу билан бирга, бозордаги талабнинг ўзгариши ипотека ставкаларидаги ўзгаришларга ва қонунчиликдаги янгиликларга ҳам боғлиқ бўлади. Бироқ, баҳорга келиб, уй-жой бозоридаги фаоллик одатда тикланади. 

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сектор мудири Халилуллоҳ Ҳамидовнинг маълум қилишича, 2022 йил январь ойида республика бўйича 17,7 мингта кўчмас мулк олди-сотди шартномалари расмийлаштирилган. Бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 2,4 фоизга камроқ. Бироқ, 2020 йилнинг январь ойига нисбатан ўсиш суръати 15 фоизни ташкил этди. 

Мутахассисларнинг фикрича, кўчмас мулк бозоридаги фаоллик ҳар йил бошида мунтазам равишда пасаяди, бу эса мавсумий омил билан боғлиқ. Январь ойида янги йил дам олишлари ва иш таътиллари пайтида харидорлар одатда кўчмас мулкни қидирмайдилар. Баҳорга келиб, уй-жой бозоридаги фаоллик тикланади. 

Марказ ҳисоб-китобларига кўра, январь ойида иккиламчи бозорда уй-жой ўртача нархлари ўтган ойга нисбатан 1,4 фоизга ўсди (2021 йил декабрда ўзгармаган, ноябрда 1,2 фоизга кўтарилган эди). 

Уй-жой нархларида энг юқори ўсиш суръатлари Фарғонада бўлиб, 5,2 фоизни ташкил этмоқда. Андижон 5 фоиз ва Навоий 4,5 фоиз вилоятларида кузатилган бўлса, уй-жой нархларининг пасайиши Жиззах -4,2 фоиз, Сурхондарё -3,1 фоиз, Наманган -2,3 фоиз ва Сирдарё -2,1 фоиз вилоятларида қайд этилди. 

Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари 2,4 фоизга ўсди. Уй-жой нархларида энг катта ўсиш Мирзо Улуғбек, Миробод ва Яшнобод туманларида кузатилган бўлса, Учтепа ва Олмазор туманларида уй-жой нархлари пасайган. 

Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилда тижорат банклари томонидан қарийб 59,6 минг нафар фуқарога 9,8 триллион сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган. Ушбу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 700 миллиард сўмга кўпроқ ҳисобланади. 

2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, ипотека кредитлари қолдиғи 35,8 триллион сўмга етган. Ажратилган кредитларнинг 7,35 триллион сўми бирламчи бозордаги уйларга, 2,44 триллион сўми иккиламчи бозордаги уйлар учун йўналтирилган. 



Шаҳноза Маматуропова, ЎзА