Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида 220,7 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади
19:08 / 2021-03-26

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш борасида 2020 йилда эришилган натижалар, 2021 йилда амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда мутахасислар томонидан коммунал соҳада ўтган йил амалга оширилган ишлар ва жорий йилда белгиланган устувор вазифалар юзасидан маълумот берилди.

Таъкидланишича, 2020 йилда 26,2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 149 та лифт янгисига алмаштирилди. Жорий йил эса 2 мингга яқин лифт янгисига алмаштирилиши режалаштирилган.

Соҳада амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинганда, бир қатор жиддий камчиликлар ҳам аниқланган. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Қурбон Турсуновнинг маълум қилишича, республикада жами 37 минг 400 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, шундан 16 минг 394 таси марказлашган ва индувидуал (икки контурли) иссиқлик тизими таъминоти ҳамда қолган 21 минг 6 таси алтернатив усулда, яъни қўлбола печлар, голланд печлари, иссиқ сув колонкалари, электр иситгичлар ёки бошқа турдаги лойиҳасиз иситиш тизимидан фойдаланиб келмоқда. 

Мавжуд 648 та қозонхонадан бугунги кунда 495 таси фаолият юритмоқда. Аммо 153 та қозонхона носоз ҳолатда. Мавжуд 4 минг 250 километр узунликдаги иссиқлик тармоғининг 1 минг 440 километр қисми соз, 2 минг 810 километри эса эскирган, таъмирталаб аҳволда.

Бугунги кунда республикада жами 495 та марказий ва маҳаллий қозонхона орқали 13 минг 879 та кўп квартирали уйга марказлашган тарзда иссиқлик энергияси етказиб берилмоқда. Қолган кўп қаватли уйлар қозонлар, иссиқлик тармоқларининг ишдан чиққанлиги ҳамда кўп қаватли уйларнинг ички иситиш тизимининг носозлиги натижасида марказлашган иссиқлик таъминотидан узилган.

Эскирган тизим ва ускуналар энергия ресурсларини кўп сарфлайди. Қозонхона ускуналарининг фойдали иш коэффициенти 80 фоизни ташкил этиб, харажатларнинг меъёрдан ортиб кетиши, натижада эса хизматлар сифати ва самарадорлиги пасайишига олиб келмоқда.

Маълумотларга кўра, 2020 йилда республика иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан кўрилган зарар 345,2 миллиард сўмни ташкил этади.

3,2 миллиард сўмлик 95 та объектни таъмирлаш бўйича ўтказилган танлов амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда ўтказилган. Шу жумладан, 152 та танловда ғолиб бўлган пудратчилар томонидан 8,5 миллиард сўмлик ишлар сифатсиз бажарилган, ажратилган маблағлар талон-тарож қилинишига йўл қўйилган.

Уй-жой мулкдорларидан йиғилган мажбурий бадалларнинг мақсадли сарфланиши устидан назорат қилиш мақсадида уй-жой мулкдорлари ширкатларининг мажбурий бадал ва кредит маблағларидан мақсадли фойдаланишга оид фаолиятини ўрганиш натижаларига кўра, 465 та ҳолатда 7,4 миллиард сўмлик маблағ мақсадсиз сарфланган.

Аҳолига сифатли ичимлик сув етказиб бериш борасида ҳам Давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармалари билан биргаликда ўтказилган текширувлар натижасида сув объектларидаги ичимлик сувининг сифати санитария талабига жавоб бермаслик холатлари аниқланган.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан асосий режалар белгилаб олинган. Келгусида умумий қиймати 220,7 миллион доллар бўлган лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Жаҳон банки иштирокида қиймати 140 миллион доллар бўлган “Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳар (Сергели тумани)ларида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасининг дастлабки босқичи Чирчиқ шаҳрининг “Юбилейная” қозонхонасини модернизация ва реконструкция қилиш ишларини амалга оширишдан бошланган. Бунда, умумий қуввати 75 МВТ бўлган 3 та қозонни энергосамарадор қозонга алмаштириш, 21,3 километр иссиқлик тармоқларини реконструкция қилиш, 175 та кўп қаватли уйга 199 та индивидуал иссиқлик пунктини ўрнатиш белгиланган.

2021 йилда Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан 400 та сув таъминоти иншоотида, ичимлик сув қувурларидаги 2500 та таҳлил амалга ошириладиган нуқтада ҳамда 1500 та ижтимоий соҳа объектларига (мактаб, мактабгача таълим ва тиббиёт муассасалари) ва чекка ҳудудлардаги 5000 та истеъмолчига сифатли ичимлик суви етказиб берилиши бўйича ўрганишлар олиб борилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА