Ўзбекистон Республикаси Президенти “Уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, уй-жой ва бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлаш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини оширишнинг келгуси 5 йилдаги асосий йўналишлари белгиланди. Улар қуйидагилардан иборат:
а) соҳада ягона давлат сиёсатини юритиш, илғор хорижий тажрибалар асосида стратегик таклифларни ишлаб чиқиш, иссиқлик таъминоти корхоналари фаолиятини бошқарувчи ва мувофиқлаштирувчи ташкилот ташкил этиш ҳамда қуйидаги тадбирларни амалга ошириш:
марказлашган иссиқлик тизимларидаги эскирган 103 та қозонхона ва 1,6 минг километр иссиқлик тармоғини, шу жумладан, 2025-2026 йилларда 18 та козонхона ва 258 километр иссиқлик тармоғини янгилаш;
давлат-хусусий шериклик асосида 9 та (шундан 2 та лойиҳа 2025-2026 йилларда бошланади), халқаро молия институтлари иштирокида 13 та шаҳар ва туманда модернизация лойиҳаларини амалга ошириш (шундан 5 та шаҳар ва туманда 2025-2026 йилларда бошланади);
марказлашган иссиқлик таъминоти қамровини 37 фоиздан 58 фоизгача етказиш, тизимдаги йўқотишларни 38 фоиздан 20 фоизгача қисқартириш;
кўп квартирали уй-жойлар ва ижтимоий соҳа муассасаларига 8 681 та индивидуал иссиқлик пунктини ўрнатиш (2025 йилда 480 та), марказлашган иссиқлик таъминотини ёпиқ тизимга ўтказиш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
б) марказлашган иссиқлик таъминотига уланмаган тўрт ва ундан юқори қаватли кўп квартирали уй-жойларнинг иситиш тизимида локал қозонхоналар қуриш ва бошқа муқобил технологияларни жорий этиш ҳисобига бир хонадоннинг газга бўлган талабини камида 20 фоизга камайтириш;
в) якка тартибдаги ва кўп квартирали уй-жойлар, ижтимоий соҳа ҳамда давлат муассасалари, саноат ва хусусий сектор бино-иншоотларининг энергия самарадорлигини ошириш мақсадида тажриба-синов лойиҳаларини бошлаш;
г) ижтимоий соҳа, саноат ва хусусий секторлар бино-иншоотларини янгидан қуриш ҳамда реконструкция қилишни лойиҳалаштириш бўйича техник шартларда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ва муқобил иссиқлик тизимлари ускуналарини ўрнатиш талабини киритиш;
д) табиий газ истеъмоли юқори бўлган аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа ҳамда давлат муассасаларида энергия самарадор ва замонавий ускуналар (газ горелкали қурилмалар) ўрнатишни рағбатлантириш;
е) хусусий сектор иштирокида иссиқлик таъминоти ва бошқа соҳаларда энергосервис хизматларини кўрсатиш ҳамда энергия тежамкорликни оширишда янги бозорни шакллантириш, ихтисослашган энергия хизматлари компаниялари бозори (ЭСКО) механизмлари ва инновацион молия воситалари орқали энергия самарадорликни ошириш лойиҳаларини мувофиқлаштирувчи ташкилот тузиш.
Кўп квартирали уй-жойлар, ижтимоий соҳа ҳамда давлат муассасаларини 2025-2030 йилларда марказлашган иссиқлик таъминоти билан қамраб олиш даражасини ошириш мақсадида:
а) Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг йиғма параметрлари;
б) Давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган истиқболли инвестиция лойиҳалари рўйхати;
в) Халқаро молия институтлари иштирокида амалга ошириладиган янги истиқболли лойиҳалар рўйхати тасдиқланди.
ЎзА