Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш янги босқичга чиқади (+видео)
18:33 / 2025-07-01

Мамлакатимизда иссиқлик таъминоти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича давлатимиз раҳбарининг “Уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Мазкур қарорга асосан юртимизда уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш мақсадида “Иссиқликтаъминоти” АЖ ташкил этилди.

Иссиқлик таъминоти соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш – Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига, ягона техник сиёсатини юритиш ва мувофиқлаштириш “Иссиқликтаъминоти” АЖга юкланди.

Жамият устав капиталидаги 23 та иссиқлик корхоналарини МЧЖ шаклида қайта ташкил этиш вазифаси белгиланган.

Қарорга асосан Қурилиш ва уй-жой  коммунал хўжалиги вазирлиги ва “Иссиқликтаъминоти” АЖ билан биргаликда кўп квартирали уй-жойлар ва ижтимоий соҳа муассасаларига 8 минг 681 та индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш орқали марказлашган иссиқлик таъминотини “ёпиқ тизим”га ўтказиш вазифаси белгилаб берилган.

Шунингдек, Инвестиция дастури доирасида республика бюджети маблағлари ҳисобидан 2025-2029 йилларда иссиқлик тизимларидаги эскирган 103 та қозонхона ва 1,632 минг км иссиқлик тармоқларини, шу жумладан, 2025-2026 йилларда 18 та қозонхона ва 258 км иссиқлик тармоқларини янгилаш вазифаси белгилаб берилган.

Президент қарори ижроси қандай таъминланяпти?  

“Иссиқликтаъминоти” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шерзод Султонов белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида куйидагиларни маълум қилди.

–Юқорида номи келтирилган қарорга асосан “Иссиқликтаъминоти” АЖ га қатор масъулиятли вазифалар юклатилган. Хусусан, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, жорий куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш режасини тўлақонли бажариш, янги барпо этилаётган массивларга қозонхоналар қуриш, мавжуд қозонхоналарни модернизация қилиш  ишлари юклатилган. Бугунги кунда бу борада дастур ишлаб чиқилган. Дастурга асосан жорий йилда “Иссиқликтаъминоти” корхоналари тасарруфидаги 8 та қозонхона ва 80 км иссиқлик тармоқларида қурилиш ва модернизация ишлари қилинади. Бу орқали 21 мингдан ортиқ хонадон, 413 та кўп қаватли уй ва 42 та ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик энергия таъминоти яхшиланади.  

Эътиборли жиҳати шундаки, Президентининг 465-сонли қарорига асосан Гулистон шаҳри “Бўстон” МФЙдаги 52 та кўп қаватли уйлардаги 2 минг 409 та хонадонни иссиқлик билан таъминлаш мақсадида РК-1 ва РК-2 янги марказлашган қозонхоналарнинг қурилиши ва 2,8 км узунликдаги иссиқлик тармоқларини тортиш ишлари якунига етказилиб, фойдаланишга топширилган.

Кўп қаватли уйларни тўлиқ иссиқлик билан таъминлаш натижасида йиллик 3,5 миллион метр куб табиий газ, 12,8 миллион кВт/соат электр энергияси иқтисод қилинади. 52 та кўп қаватли уйларнинг 85 фоизида ички иссиқлик тармоқларини қуриш ишлари якунига етказилган.

Хўш, массивда иссиқлик тизимларини қуриш ишлари қандай кетмоқда?

– Бугунги кунда “Янги Ўзбекистон” массивларида 15 та қозонхона ва 60 дан ортиқ иссиқлик тармоқлари қуриш ишлари амалга оширилади. Натижада 9 минг 900дан ортиқ хонадондан иборат 360 та кўп қаватли уйлар 23 та ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик энергияси билан таъминланади. Бугунги кунда йиллик режага нисбатан 46 фоиз ишлар амалга оширилган. Қолган ишларни 1 октябрь ҳолатига якунлашни режа қилганмиз. Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани "Чароғбон" МФЙ ҳудудида барпо қилинаётган "Янги Ўзбекистон" массивида 1 та қозонхона, жами қуввати 14 МВт бўлган 2 дона қозон олиб келиш ҳамда 2,39 км иссиқлик тармоқлари тортиш белгиланган.

“Кўп хонадонли уйларни мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси” ДУК мутахассислари тақдим этган маълумотларга кўра, шартнома суммаси 17 миллиард 821,5 миллион сўм бўлган объектда айни кунгача 2 дона қозон олиб келинган. 2,2 км иссиқлик тармоғини қуриш ишлари амалга ошган. Қозонхона биноси қурилиши давом этяпти. Жорий йилги иситиш мавсумида 21 та кўп қаватли уй марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминланиши кўзда тутилган.

Қайд этиш жоиз, Президентимизнинг 2024 йил 24 декабрдаги қарори асосида Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани "Чинобод" МФЙ ҳудудида барпо этилаётган "Янги Ўзбекистон" массивида замонавий қозонхона қурилиши белгиланган.

Жорий йил мавсумида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган объектнинг шартнома суммаси 11 миллиард 750 миллион сўмдан ортиқни ташкил қилади.  

Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳри Янгиобод маҳалласи ҳудудида қад кўтараётган “Янги Ўзбекистон” массивида ҳам аҳолини марказлашган иссиқлик билан таъминлаш ишлари жадал кетмоқда.

Бу ерда жами қуввати 25 МВт бўлган замонавий қозонхона қурилди. 3 та замонавий қозон ўрнатилди. Шунингдек, 6,3 км иссиқлик қувури тортилиши белгиланган бўлиб, ҳозиргача 4,9 километр қисми якунланди. Монтаж ишлари давом этмоқда.

Мазкур лойиҳа якуни билан массивдаги 28 та кўп қаватли уй ва 2 та ижтимоий соҳа объекти сифатли иссиқ сув ва иссиқлик энергияси билан таъминланади.

Буюртмачи томонидан берилган маълумотларга кўра, бугунги кунда қозонхона қурилиши жадал олиб борилмоқда. 3 та қозон ўрнатилиб, 2 км иссиқлик тармоғини қуриш ишлари бажариб бўлинган. Қозонхонада қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда. Янги массив, янги уй, янги хонадонларда янгича дунёқараш шаклланади. 14 та кўп қаватли уйда яшовчи аҳоли ва 2 та ижтимоий соҳа объекти сифатли марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминланади.

– Инвестиция лойиҳалари қандай бажарилмоқда?  

– Бухоро шаҳридаги "Шарқ-2" қозонхонаси ва иссиқлик тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бугунги кунда қурилиш ишлари жадал кетмоқда. Жорий йилги мавсумда лойиҳа ишга тушиши белгиланган. Бунинг натижасида 37 та кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи 1 минг 382 та хонадонга иссиқ сув ва иссиқлик энергияси берилади.  

Бунда газ сарфи кўп бўлган эски қозонлар ўрнига 4 та энерготежамкор, жами 20 МВт қувватга тенг қозонлар ўрнатилади. Электр энергия сарф-харажатлари қисқаради, 5,5 км эски қувурлар ўрнига янги энерготежамкор пенополиуретан қопламали қувурлар ётқизилмоқда.

Яна бир маълумот, “Иссиқликтаъминоти” АЖ Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Саудия Арабистонининг “Saudi Tabreed” компанияси билан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида “Арда Хива” туристик мажмуасида тригенерация тизимларини жорий этишга қаратилган шартнома имзолади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 17 миллион АҚШ долларини ташкил қилади ва 100 фоиз “Saudi Tabreed” компанияси маблағлари жалб этилади. “Арда Хива” туристик мажмуаси истеъмолчиларини иссиқлик ва электр энергияси ҳамда марказлашган совитиш тизимлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида 15 МВт қувватлар ишга туширилиши режалаштирилган.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/aXGNDIGcqDg" title="Uy-joy hamda bino-inshootlarni issiqlik energiyasi bilan ta’minlash yangi bosqichga chiqadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА